Токио: Курил оролларини бирга бошқариш ғояси муҳокама этилаётгани йўқ
Япония ТИВ расмий вакили Ясухиса Кавамура расмий Токио Москва маъмурияти билан жанубий Курил оролларини биргаликда бошқариш масаласини муҳокама қилиши мумкинлиги ҳақидаги ахборотни инкор этди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар қилмоқда.
Душанба, 17 октябрда "Нихон кэйдзай" ("Никкэй") газетаси Япония Россия раҳбариятига жанубий Курил оролларини бошқаришда ҳамкорлик қилиш таклифини билдирмоқчи экани ҳақида ёзган эди. Нашрга кўра, бош вазир Синдзо Абэ Россия давлат раҳбари Владимир Путин билан Ямагути префектурасида бўлиб ўтажак учрашувда ушбу масалани муҳокама қилишни режалаштирмоқда. "Никкэй"нинг ёзишича, расмий Москва "қисман" Токио режасидан хабардор.
"Биз Nikkei газетасининг Япония шимолий ҳудудларни Россия билан ҳамкорликда бошқариш режасини муҳокама этаётгани хусусидаги иддаоларини инкор этамиз", — деган Кавамура Рейтер агентлигига.
"Япониянинг Россиядан жанубий Курил оролларини (Японияда шимолий ҳудудлар дейилади) қайтариб олиш билан тинчлик шартномасини имзолаш бўйича фундаментал позицияси ўзгармаган", — дея қўшимча қилган у.
Япония ҳукумати бош котиби Ёсихидэ Суга ҳам Блумберг агентлигига берган интервьюсида, ҳудудларни қўшма бошқариш муҳокама этилмаётганини таъкидлаган.
Мавзуга оид
18:48
Subaru космик телескопи ноёб ҳалқасимон галактикани аниқлади
21:18 / 13.11.2024
Японияда сейсмик ёриқлар туфайли ядровий реакторни қайта ишга туширишга рухсат берилмади
20:43 / 13.11.2024
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
22:15 / 12.11.2024