Жаҳон | 17:47 / 20.10.2016
21663
2 дақиқада ўқилади

Украина парламенти собиқ иттифоқни иккинчи жаҳон уруши учун жавобгар дея тан олди

Украина Олий Радаси Польша, Литва ва Украина парламентларининг Иккинчи жаҳон уруши воқеалари бўйича якдиллиги декларациясини қабул қилди. Бу ҳақда «112 Украина» телеканали хабар қилмоқда.

Ҳужжатда Иккинчи жаҳон уруши бошланиши учун масъулият нацистлар Германияси ва Совет Иттифоқи зиммасига юкланган. 

«Биз эътиборни 1939 йил 23 августдаги Риббентроп — Молотов пактига қаратишни истаймиз. Иккита тоталитар тузум— коммунистлар Совет иттифоқи ва нацистлар Германияси ўртасидаги битим 1939 йил 1 сентябрда Иккинчи жаҳон уруши бошланишига сабаб бўлган. Германиянинг шу куни бошлаган агрессиясига 17 сентябрда СССР ҳам қўшилган», — дея таъкидланади декларация.

«Ўша воқеалар, шунингдек, 1945 йилда Ялта конференциясидаги қарорлар қабул қилинишига ҳамда Шарқий ва Марказий Европанинг яна ярим аср қулликда қолишига олиб келди», дея уқдирилган ҳужжатда. 

Украина парламенти спикери Андрей Парубийнинг баёнот беришича, декларацияни Польша Сейми ҳам қабул қилиши лозим. Телеканалнинг Рада ташқи ишлар масалалари бўйича қўмитаси раҳбари Анна Гопкога асосланган ҳолда хабар қилишича, Литвада мазкур декларация янги чақириқ парламент томонидан муҳокама қилинади. 
 

Мавзуга оид