Жаҳон | 17:03 / 26.10.2016
4919
2 дақиқада ўқилади

WikiLeaks: Apple АҚШ ҳукуматига фойдаланувчилар ҳақида маълумот беради

Фото: washingtonpost.com

Американинг Apple корпорацияси АҚШ ҳукуматига фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни тақдим этади. WikiLeaks сайти эълон қилган мактуб мазмуни шундан иборат.

Гап Apple вице-президенти Лиза Жексоннинг АҚШ президентлиги учун Демократик партия номзоди Ҳиллари Клинтон сайловолди кампанияси раҳбари Жон Подестага йўллаган мактуби ҳақида бормоқда. Ҳужжат 2015 йил 20 декабри санасига оид.  

Жексон ўз хатида, хусусан, Apple ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилишни давом эттириши ҳақида сўз юритган. 

«Биз ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларининг фуқароларга таҳдиди борасидаги хавотирларига шерикмиз, шу сабаб мураккаб жиноятларни фош этишга имкон берувчи ҳуқуқий сўровномалар бўйича ҳукумат билан қалин ҳамкорлик қиламиз», – деб ёзган Жексон.

Унинг сўзларига кўра, Apple ҳукуматнинг ордерлари ва бошқа намунадаги юридик сўровларига жавобан «ҳар ой минглаб» фойдаланувчилари ва қурилмалари ҳақида маълумот тақдим этади. «Бизда бу каби сўровларга кунда 24 соат жавоб берадиган жамоа бор», – дея қўшимча қилган Жексон.

Унинг тушунча беришича, «кучли шифрлаш» Apple корпорациясига ҳуқуқ идораларига метамаълумотлар ва бошқа «жуда фойдали» ахборотларни тақдим этишига тўсқинлик қилмайди. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид