Ўзбекистон | 21:18 / 04.11.2016
14988
2 дақиқада ўқилади

Малайзия Ўзбекистоннинг мева-сабзавотларига катта қизиқиш билдирмоқда

© Новости Узбекистана

2016 йил 8-10 ноябрь кунлари 1-Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида иштирок этиши мумкин бўлган маҳаллий ва хорижий иштирокчилар рўйхати шакллантирилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz нашрига “Ўзагроэкспорт” компанияси маълум қилди.

Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги дипломатик миссиясининг хабар беришича, Малайзияда фаолият олиб бораётган “АМ Avenue Manufacturing Sdn. Bhd” компанияси ижрочи директори Заид Абдуллоҳ Абдуллоҳ Ал-Амдий 8-10 ноябрь кунлари ўтказиладиган халқаро ярмаркада иштирок этиш, келгусида Ўзбекистон корхоналари билан ташқи иқтисодий ҳамкорликни ўрнатиш, асал, қуритилган магиз ва ўрик импорти бўйича қизиқиш билдирган.

“АМ Avenue Manufacturing Sdn. Bhd” компанияси 2010 йил ташкил этилган бўлиб, товар-айирбошлаш ҳажми йилига 10 миллион малайзия рингитини ташкил этади (2,6 миллион АҚШ доллари). “АМ Avenue Manufacturing Sdn. Bhd” компанияси кенг кўламдаги озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилади. Булар мева шарбатлари, ёнғоқ, ширинликлар, хурмо, бисквит ҳамда дуккакли маҳсулотлар. Корхона экспортининг асосий қисмини асал маҳсулоти ташкил этади. Шунингдек, “АМ Avenue Manufacturing Sdn. Bhd” Туркия, Саудия Арабистони ҳамда бошқа давлатлар йирик компанияларининг савдо агенти мақомига эга.

“АМ Avenue Manufacturing Sdn. Bhd” компанияси жорий йилнинг 12-14 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган навбатдан ташқари Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида иштирок этиб, компания томонидан Самарқанд вилоятининг “Quyoshli Uzumzor” фермерлик хўжалиги билан экспорт шартномаси имзолади. Жорий йилнинг сентябрь ойида дастлабки 200 кг ўзбек асали Малайзияга экспорт қилинди ва “Asia Forest” бренди остида мамлакат савдо пештахталаридан жой олди. “АМ Avenue Manufacturing Sdn. Bhd” компанияси томонидан ўзбек асалини Малайзия бозорига, хусусан, Куала-Лумпур шаҳри ҳудудига, олиб кириш бўйича маркетинг тадқиқот ишларини олиб бормоқда.

 

Мавзуга оид