16:05 / 18.11.2016
5058

Малайзия собиқ бош вазири халқни жорий бош вазирга қарши намойишга чақирди

Фото: Reuters

Шу кунларда Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда бир неча ўн минглаб кишилар иштирокидаги оммовий намойишлар бўлиб ўтмоқда. Бош вазир Нажиб Раззоқнинг соғлиқни сақлаш миллий фондидан кўп миллиардли пулларни ўзлаштирганлигига доир хабарларнинг пайдо бўлиши аҳолининг норозилигини келтириб чиқарган. Бу ҳақида Quartz нашрида маълум қилинди. 

Норозилик ҳаракати етакчиларидан бири - Малайзия ҳукуматининг собиқ раҳбари 91 ёшли Махатхир Муҳаммад. У ўз тарафдорлари билан бир қаторда кўздан ёш чиқарувчи газдан нафас олмоқда ва Куала-Лумпурдаги намойишларни ноқонуний деб билган полицияга қарши чиқмоқда. Бироқ бир неча йил аввал у бундай демократ ва омма тарафдори бўлмаган.

Муҳаммад 20 йиллик ҳукмронлиги давомида (1981-2003) нафақат "кучли инсон" сифатида таассурот қолдирган, балки ҳеч қандай судсиз 11 таниқли диссидентни панжара ортига йўллаб, бир неча судьяларни жазосиз истеъфога чиқаришга ҳам улгурган. Шунингдек у ўзининг ўринбосарини ҳам коррупцияда айблаб, ҳибсга олишни буюрган. 

2003 йилда Махатхир Муҳаммад ўз хоҳишига кўра истеъфога чиққан, ўзининг ўрнига эса ўша пайтдаги молия вазири Абдулло Абдавийни қолдирган. Беш йил ўтгач, у "Бирлашган малай миллий ташкилоти" партиясидан чиқишига тўғри келган. 

Махатхир Муҳаммаднинг Абдавийга босим ўтказишга уриниши унинг партиядан чиқишига сабаб бўлган. Унинг мақсади - янги ҳукумат раҳбари лавозимига 53 ёшли Нажир Раззоқни тайинлаш бўлган. Нажир Раззоқ - Махатхирнинг партиядаги дўсти ҳамда Малайзиянинг иккинчи бош вазири Абдул Раззоқнинг ўғли. 

2016 йилнинг 16 ноябрида Муҳаммад ўз мамлакати фуқароларини "Соф ва адолатли танловлар коалицияси" томонидан ташкил этилган норозилик намойишларига қўшилишга чақирган видеоси тарқалди. У ўзининг баёнотида мамлакатнинг "ваҳима"да эканлиги ҳамда давлатнинг қарзлардан халос бўла олмаётгани ҳақида маълум қилди.

"Умид қиламанки, барча малайзияликлар ушбу Берсих (коалициянинг халқ ичидаги номи) акцияларига қўшилишади ва мамлакатнинг шунча пулни ўмарган инсон томонидан бошқарилишига йўл қўйишмайди".

Top