Спорт | 18:43 / 22.11.2016
13064
6 дақиқада ўқилади

ЕЧЛ анонси. Турнинг энг марказий учрашуви

Фото: twitter.com/@ChampionsLeague

Tribuna.Uz Европа чемпионлар лигасининг бугун бўлиб ўтадиган учрашувларидан анонс беришни давом эттиради.

Яна бир қизиқарли кураш кечаётган гуруҳ бу сўнгги Н гуруҳи. Бир йўла 3та жамоа плей-офф йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда. 5-тур кўп масалаларга ойдинлик киритиб бериши мумкин.

Турнир жадвали. Ортда қолган 4 турдан кейин 10 очко тўплаган «Севилья» плей-офф йўлланмасини ҳал қилиб қўйиши мумкин эди. Бироқ «Лион»нинг «Ювентус» дарвозасига охирги дақиқаларда киритган гол назарий жиҳатдан бу ишни орқага сурди. Бироқ бугун бўлиб ўтадиган учрашувда испан жамоаси ғалаба қозонган тақдирда нафақат кейинги босқич, балки гуруҳда биринчи ўрин масаласини ҳам ҳал қилиши мумкин. «Ювентус» эса ўтган йилги хатони такрорламаслик (2-ўрин билан плей-оффга чиққан ва «Бавария»га рўбарў келиб, мусобақадан чиқиб кетганди) учун ҳам бугун камида мағлубиятга учрамаслиги керак бўлади. 4 очко жамғариб турган «Лион» эса аутсайдер уйида ғалаба қозониб қайтса, курашни давом эттириш имкониятини сақлаб қолади.

Севилья – Ювентус (00:45, Матч ТВ )

Сўзсиз куннинг энг марказий учрашуви Андалусияда бўлиб ўтади. Туринда бўлиб ўтган учрашувда қайд қилинган дуранг натижаси Хорхе Сампаоли жамоаси бугун жуда қўл келиши мумкин. Дуранг натижа ҳам испанларни баҳорги мусобақаларга олиб чиқади. Аммо бир йўла 1-ўринни ҳал қилиш учун «Ювентус» мағлуб этилиши керак. «Ювентус» учун кейинги босқичга чиқиш масаласи унчалик муаммо туғдирмаслиги мумкин. Сабаби жамоа сўнгги турда аутсайдер билан куч синашади ва ғалаба жамоани кейинги босқичга олиб чиқади. Бироқ 2-ўрин билан плей-офф чиқиш қанчалик таваккалчилик эканини ўтган йилги натижалар кўрсатиб берган.

Ўйиндан олдин. «Ювентус»нинг Италиядаги ишлари идеал кечмоқда, жамоа ҳамон катта фарқ билан карвонбошилик қилаяпти. Ўтган турда «Пескара»дек ўртамиёна жамоага қарши ўйинда жамоа ЕЧЛ учун кучни тежаган ҳолда ғалаба қозонди. Туринликлар шу кунга қадар еврокубокларда 17 маротаба испан жамоалари меҳмони бўлган бўлиб, фақат 3тагина учрашувда ғалаба қозонган. Аммо бу мавсумда жамоа фақат 2 марта меҳмонда имкониятни бой берди. Иккаласи ҳам Милан клубларига қарши «Сан-Сиро»даги учрашувларда содир бўлди. «Севилья» яқинда «Барселона»дан учралган мағлубият натижасида 8 сериядан иборат ғалабали сериясига якун ясаганди. Аммо жамоа Чемпионлар лигасида муваффақиятли иштирокини давом эттирмоқда. Унчалик сермаҳсул ўйин кўрсатмаётган Сампаоли шогирдлари шу билан бирга ҳали бирорта ҳам тўп ўтказиб юбормаган. Шунингдек, «Севилья» еврокубокларда итальян жамоаларига қарши 3та учрашув ўтказиб бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган – иккита ғалаба. Ўтган турда «Депортиво» устидан сўнгги дақиқаларда ғалабани тортиб олгани (3:2) ҳам жамоанинг кайфияти жойида эканини кўрсатиб турибди.

Йўқотишлар. Сампаоли жамоасида бу учрашувда максимал даражадаги оптимал таркиб туширилиши кутилмоқда. Аллегрида эса кадрлар билан боғлиқ бир қатор муаммоларни кузатишимиз мумкин. Бенатия ва Бардзальи жароҳат олган. Аллегри жароҳатидан энди тузалаётган Пауло Дибалани ва Гонсало Ҳигуаинни ҳам майдонга тушириб таваккалга йўл қўя олмаслигини билдирган.
Тахминий таркиблар

Имкониятлар. Плей-офф йўлланмаси ўртага қўйилган баҳс кескин ўтиши кутилмоқда. Букмекерлик конторалари таклиф қилаётган ставкаларда ҳам деярли тенг вазиятни кўришимиз мумкин. Андалусияликларнинг мезбон экани бироз бўлсада устунликни тақдим этиши кутилмоқда. «Севилья» ғалабаси учун ўртача коэффициент 2.80-2.90 орасида бўлмоқда, «Ювентус» муваффақият қозониши 3.0-3.10 коэффициентда баҳоланган

Динамо Загреб – Лион (00:45)
Куннинг энг кам тилга олинаётган ўйинида «Лион» плей-офф йўлланмаси учун охирги умидини сақлаб қолишга ҳаракат қилиши лозим. Лионликлар ютса ва «Севилья» мағлубиятга учраган тақдирда, барчаси французларнинг ўз қўлида қолади.

Ўйин олдидан. «Лион» Франция чемпионатида ўзига кела бошлади ва кетма-кет ғалабалар эвазига ЕЧЛ йўлланмаси учун курашадиган жамоалар қаторига қайтди. Ҳозирда жамоа 4-ўринда бормоқда. «Динамо»нинг эса Хорватия чемпионатидаги ишларини ҳам жойида деб бўлмайди. Ўтган ҳафтада ўртамиёна «Истра»га қарши учрашувда жамоа дуранг натижа қайд этди ва пешқадам «Риека»дан энди 6 очко ортда қолмоқда. Жамоа ЕЧЛдан умид узиб, бемалол келгуси мавсумда яна Европанинг энг нуфузли мусобақасига қайтишни ўйламаса, навбатдаги мавсумда жамоа ўрнини «Риека» эгаллаши мумкин бўлади.  

Тахминий таркиблар
Динамо Загреб: 
Ливакович, Стоянович, Сигали, Шильденфельд, Бенкович, Пиварич, Судани, Машаду, Павичич, Чорич, Фернандес.
Лион: Антони Лопеш, Рафаэл, Маммана, Диакаби, Морель, Геззаль, Гоналон, Толиссо, Рибус, Фекир, Ляказетт.

Имкониятлар. Жамоаларнинг ўзаро ўйинларига қарасак, 3та ўйинда «Лион» умумий ҳисобда 12:1 тўплар нисбати билан юз фоизлик натижа қайд қилган. 5 йил олдин Загребда бўлиб ўтган учрашувда мезбонлар 1:7 ҳисобида имкониятни бой берганди. Шундан келиб чиқиб букмекерлик идоралари берган ставкаларда устунлик меҳмонлар тарафида. Загреб ғалабаси учун 7.00-7,90 коэффициент, «Лион» ғалабаси учун эса 1,50-1,60 атрофида ставкалар белгиланган.

Мавзуга оид