Жаҳон | 23:47 / 26.11.2016
7418
2 дақиқада ўқилади

Хитойдаги мактаб "аъло" баҳолар учун ўқувчиларига пул мукофоти берди

Хитойнинг Вэньчжоу шаҳридаги ўрта мактаб директори мактабга энди ўқишга келган ўқувчиларга 8 млн юань пулни мукофот сифатида тарқатди. Пулларни кириш имтиҳонини муваффақиятли топширган болалар олди. Мактаб директори шу тариқа кўпроқ иқтидорли болаларни жалб қилмоқчи. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда. 

Шу муносабат билан ўқувчиларни пул мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтган. Пуллар бошланғич мактабдан ўрта мактабга ўтган 15 ёшгача бўлган ўқувчиларга берилган. 

Пул мукофоти миқдори имтиҳонда олинган баҳоларга боғлиқ бўлган. Шу тариқа болалар баҳоларига мос равишда 100 минг, 50 минг ва 40 минг юанлик пул мукофотлари олганлар. Пулнинг бир қисми нақд пулда берилган, қолгани эса болаларнинг ҳисоб рақамларига ўтказилган. Ҳаммаси бўлиб 239 ўқувчи тақдирланган.

Мактаб директорининг айтишича, бундай мукофотлар мактабга яхши ўзлаштиришга эга иқтидорли болаларни жалб қилишда ёрдам беради. Унинг айтишича, у ўқувчиларни бундай совғалар билан "сийлаши" учун ўзининг шахсий мулкининг бир қисмини сотишига тўғри келган.

Ушбу ҳолат дарҳол ижтимоий тармоқларда муҳокама қилина бошланди, уларда тақдирлаш маросимидан олинган суратлар пайдо бўлди. Суратларда ўқувчилар пул пачкаларни ушлаб турганлари, маросим столида эса бир уюм пул пачкалари тахлаб қўйилгани тасвирланган.

Кўпчилик фойдаланувчилар бу "ҳимматли" мактаб ва ўқувчиларни пул билан рағбатлантириш ғоясини танқид қилишган. Шунингдек, ушбу ҳолат ўсиб келаётган авлодда пулга ўчликни ривожлантириши мумкинлигидан хавотир билдирилган. 

 

Мавзуга оид