Жаҳон | 23:37 / 26.11.2016
7024
2 дақиқада ўқилади

Қирол Салмон Саудия иқтисодиётининг нефтга қарамлигини камайтирмоқчи

Икки Муқаддас Масжид қўриқчиси қирол Салмон жаҳон иқтисодий майдонида ўсиб бораётган рақобат фонида Қиролликдаги унумдорликни ошириш ва даромад манбаларини диверсифакация қилиш заруратини таъкидлади. Бу ҳақида Arab News нашри хабар берди

Қирол шанба куни Ал-Аша провинциясидаги саройда бўлиб ўтган мажлисда иштирок этар экан, мамлакат олдидаги муаммоларни бартараф этишда хавфсизлик даражаси ҳамда институтлар самарадорлигини ошириш муҳимлигини таъкидлади. 

"Қироллик 2030 йилда" лойиҳаси мамлакат иқтисодиётини қайта қуриш, унинг институтлари самарадорлигини ошириш, даромад манбалари диверсификацияси ва жамиятдаги унумдорликни оширишга йўналтирилган", - деди қирол. 

Жорий йилнинг бошида йўлга қўйилган "Қироллик 2030 йилда" лойиҳаси режаси Қиролликнинг нефтга қарамлигини камайтириш ва унинг муқобил вариантларига таяниш, соғлиқни сақлаш, таълим, конструктив инфратузилма, сайёҳлик каби бир қатор хизматлар секторини ривожлантиришни кўзда тутади. 

Қирол Салмон ўз нутқи давомида давлатнинг Икки Муқаддас Масжидга хизмат қилиш каби шарафга эга эканлигини таъкидлаб, у ерга ташриф буюрувчи зиёратчилар амалларни бажаришда қийинчиликларга дуч келмасликлари учун барча қулайликлар яратилишига  тўхталиб ўтди. 

Шунингдек у Саудия Арабистонининг ҳар бир фуқароси миллий давлат қурилишига ўз ҳиссасини қўшиши кераклигини таъкидлади. 

Қирол Салмон валиаҳд шаҳзода, бош вазир ўринбосари ва ички ишлар вазири Муҳаммад бин Наиф, шарқий минтақа губернатори, шаҳзода Сауд бин Наиф ва Ал-Аша провинцияси губернатори, шаҳзода Бодир бин Муҳаммад бин Жалавий томонидан кутиб олинди. 

Бундан ташқари, тадбирда бир қатор вазирлар, шаҳзодалар,  мансабдор шахслар, ҳарбийлар ва бир гуруҳ фуқаролар иштирок этишди. 

 

Мавзуга оид