Фан-техника | 08:58 / 28.11.2016
11628
4 дақиқада ўқилади

Атоқли шифокор Бокерия лазер ва асос ҳужайралари ёрдамида юракни даволаш йўллари ҳақида сўзлаб берди

Фото: РИА Новости. Илья Питалев

Россиядаги Бакулев номидаги юрак-томир жарроҳлиги марказида лазер ва асос ҳужайраларини қўллаган ҳолда юрак ишемик касаллигини даволашда янги натижаларга эришишга имкон берувчи ноёб операциялар ишлаб чиқилган ва муваффақиятли қўлланмоқда, деб айтди Россия соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош кардиожарроҳи, марказ директори, атоқли шифокор Лео Бокерия.

Бокериянинг айтишича, бундай технологиялар 1990-йиллар бошида яратила бошлаган.

"Шундай касаллар борки, уларга на операция, на стентлаш ўтказиш мумкин, чунки уларнинг томирлари жуда ингичка ёки бир нечта жойларда ёпилиб қолган. Бундай касаллар жуда кўп. Ўз вақтида статистикага кўра, ишемик касаллар орасида бундайлар деярли 30 фоизни ташкил қилган", деб айтмоқда Бокерия.

Унинг айтишича, лазерни қўллаш ғояси қон юрак ичидаги бўлмачаларга тўғридан-тўғри келиши учун юракнинг чап қоринчасида тешик очишдан иборат бўлган. Бунда ушбу операцияни қон кетиш бўлмаслиги ва юрак тўхтаб қолишидан қочиш учун у қисқармаётган вақтда ўтказиш муҳим ҳисобланади. Биринчи маротаба бундай қурилма АҚШ компанияси томонидан яратилган, кейинроқ россиялик физиклар ҳам шундай қурилмани яратганлар. Жарроҳнинг айтишича, Россияда яратилган қурилма касалликнинг ўзига хослигини яхшироқ ҳисобга олади. Бундай жараёндан минглаб одамлар ўтган.

"2007 йилда, ўн йилдан кейин натижаларни хулосалай бошлаганимизда, бу жараёндан ўтган 94,2 фоиз одамлар яшаётгани ва ўзларини яхши сезаётганлари аниқланган. Бу бизни янги изланишларга илҳомлантирди. Биз ўшанда параллел тарзда асос ҳужайралари билан ҳам шуғулланардик ва бу тешикчаларнинг самарасини улар яқинида одамнинг ўзидан олинган асос ҳужайраларини киргазиб ошириш имконияти борлигини англадик", деб ўз сўзларини давом эттирди шифокор.

Яқин орадаги бундай операция 29 ноябрда ўтказилади. Беморда юрак ишемик касаллигининг оғир кўриниши мавжуд. Юракни озиқлантирувчи артериялар торайган. Эркак бир нечта юрак хуружларини бошидан ўтказган, бундан кейин миокард жонсиз бўлиб қолган ва демак, юрак бутун куч билан қисқармаяпти. Таъкидланишича, бу беморга аорта-коронар шунтлашни қўллаш мумкин эмас. Бу ҳолатда жарроҳлар лазер ёрдамида юрак мушагида кичик тешикчалар очиб, сўнгра унга асос ҳужайраларини киритадилар. Кейинроқ бу ерда янги томирлар пайдо бўлади.

Бокериянинг таъкидлашича, бу кашфиёт Россияда юқори даражада тан олинган ва у учун марказга 2003 йилда Россия ҳукуматининг фан ва техника соҳасидаги нуфузли мукофоти тақдим қилинган.  

"Ҳозирда ишлар давом этмоқда. Одатда, барча томирлар ўлик бўлади ёки бирор томирда стеноз бўлади, унга шунтлаш ёки стентлашни қўллаш мумкин бўлади, бошқа томир эса ҳеч қаерга ярамайди. Шундай ҳолда биз битта ёки иккита шунт қиламиз, ҳеч нарса улаб бўлмайдиган жойга эса лазер-асосли даволашни қўллаймиз", деб ўз сўзларини ниҳоялади таниқли шифокор ва бу усул билан 100 дан кўпроқ одам даволанганини қўшимча қилди.

Мавзуга оид