Адлия вазирлиги томонидан хориждан олиб келинадиган «кўз шох пардаси» биопротезларини тиббиёт муассасаларида қўллаш тартибига оид низом давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3710, 2025 йил 24 ноябр).
Мазкур Низомда хориждан олиб келинадиган «кўз шох пардаси» биопротезларини давлат тиббиёт муассасаларида қўллаш тартиби аниқ белгилаб берилган.
Унга кўра, трансплантация амалиётида фойдаланиладиган «кўз шох пардаси» биопротезлари фақат Вазирлар Маҳкамасининг 333-сон қарорида кўрсатилган давлат тиббиёт муассасаларида қўлланади.
Хориждан олиб келинган биопротезларни ташишда давлат тиббиёт муассасасининг бир нафар тиббиёт ходими масъул ҳисобланади. Биопротезлар чегарадан олиб кирилганидан сўнг 12 соатдан кечиктирмай тегишли давлат тиббиёт муассасаларига етказилиши шарт.
Биопротезларни ташиш фақат махсус совитиш ускуналари (контейнерлар)да, белгиланган ҳароратни сақлаган ҳолда амалга оширилади. Улар давлат тиббиёт муассасаларидаги махсус музлаткичларда 14 кундан ошмаган муддатда сақланиши мумкин.
Низомда белгиланган ушбу тартиб ва талаблар «кўз шох пардаси» биопротезларининг хавфсизлиги ва сифатли сақланишини таъминлаш, шу орқали беморларга кўрсатиладиган офталмологик ёрдам самарадорлигини оширишга қаратилган.











