Соғлом ҳаёт | 09:40 / 03.12.2025
1585
3 дақиқада ўқилади

Қонуний ва хавфсиз клиникани қандай танлаш керак?

Тўғри танланган клиника – соғайиш йўлидаги энг муҳим қадам. Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази фуқароларни даволаниш учун тиббиёт муассасасини танлашда лицензия, санитария, ускуналар ҳолати ва ходимлар малакасига жиддий эътибор қаратишга чақирмоқда.

Фото: iStock

Даволаниш учун тиббиёт муассасаси танлашда клиниканинг реклама роликлари ёки ташқи кўринишига эмас, балки унинг қонуний фаолияти ва беморлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қай даражада талабларга жавоб беришига қараб қарор қабул қилиш зарур.

Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш марказининг маълум қилишича, тиббиёт муассасаси қонуний ва хавфсиз фаолият юритаётганини қуйидаги белгилар орқали аниқлаш мумкин:

✅ Лицензия ва ҳужжатлар очиқлиги – клиника тиббий фаолиятга рухсат берувчи лицензияга эга бўлиши, у очиқ жойда илинган ёки сўралганда беморга осон тақдим этилиши керак. Бу муассасанинг қонуний фаолият юритаётганидан далолат беради.
✅ Тозалик ва санитария – хона ва йўлаклар, кутиш зали, санитария хоналари тоза ва гигиена қоидаларига мос бўлиши шарт. Дезинфекция ишлари мунтазам олиб борилиши, ишлатилган бир марталик анжомлар тўғри утилизация қилиниши муҳим.
✅ Малакали тиббиёт ходимлари – шифокор ва ҳамширалар тегишли диплом, малака тўғрисидаги ҳужжатлар ва сертификатларга эга бўлиши лозим. Бемор зарурат туғилганда мутахассисдан ўзининг малакаси ва тажрибаси ҳақида маълумот сўраш ҳуқуқига эга.
✅ Ускуналарнинг созлиги ва хавфсизлиги – диагностика ва даволаш ускуналари техник жиҳатдан соз ҳолда бўлиши, метрологик текширувлардан ўтганлиги ва хавфсизлик стандартларига мослиги талаб этилади. Носоз ёки сертификатланмаган ускуналар саломатликка жиддий хавф туғдириши мумкин.
✅ Беморлар билан очиқ мулоқот ва шаффофлик – клиника ходимлари ташхис, даволаш режаси, эҳтимолий асоратлар ва хизматлар нархи ҳақида беморга ойдин ва тушунарли маълумот бериши зарур. Шартнома, чек ва кўрсатиладиган хизматлар рўйхати очиқ бўлиши керак.
✅ Шошилинч ҳолатларга тайёргарлик – клиникада шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятлари, зарур дори-дармонлар захираси ва бу йўналишда тайёргарликка эга ходимлар бўлиши муҳим. Бу кутилмаган асоратлар юзага келганда бемор ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Марказ мутасаддиларининг таъкидлашича, фуқаролар ушбу талаб ва мезонларга амал қилган ҳолда клиника танласа, нафақат соғайиш жараёни самарадорлигини, балки ўз хавфсизлигини ҳам таъминлаши мумкин.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид