Ўзбекистон | 22:21 / 29.11.2016
29286
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳозирча Евросиё иқтисодий иттифоқига кирмаслиги маълум қилинди

Ўзбекистон собиқ иттифоқ ҳудудида иқтисодий интеграциянинг ривожланишини эътибор билан кузатишда давом этади, бироқ ҳозирча Евросиё иқтисодий иттифоқи ёки Божхона иттифоқига киришни ўзига фойдали деб ҳисобламайди, деб айтди Ўзбекистон ташқи алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири ўринбосари Шавкат Тўлаганов. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

"Ўзбекистон биринчи навбатда бизнинг манфаатларни ҳисобга олган ҳолда у ёки бу интеграцион ташкилотлар, тузилмалар аъзоси ҳисобланади. Биринчи асосий устувор вазифа биз Ўзбекистонда қарор қабул қилинишига таъсир қиладиган бирор тузилмага эга бўлмаслигимиздир. Биз эркин савдо ҳудуди, МДҲ аъзоси ҳисобланамиз. Бу барча келишувлар бизга нормал савдо ва бошқа муносабатларни олиб боришга имкон беради. Бизнинг мутахассислар томонидан чуқур ўрганишлар Евросиё иқтисодий иттифоқи ёки Божхона иттифоқида аъзолик Ўзбекистонга устунликлар бермаслиги ёки аксинча, қандайдир позициялар бўйича бизни чеклаши мумкинлигини кўрсатди", деб тушунтирди Тўлаганов.

"Бу интеграцион тузилмаларнинг ривожланишини эътибор билан кузатамиз. Агар биз учун иқтисодий томондан ҳеч қандай қийинчиликлар ёки чеклашлар бўлмайди, деб ҳисобласак, унда бу тузилмаларга кириш масаласини кўриб чиқамиз. Бироқ бугунги кунда бизда бу борада аниқ йўналиш, қарор бор ва биз ҳозирча қандайдир янги интеграцион тузилмаларга киришни режалаштирмаяпмиз", деб қўшимча қилди Тўлаганов.

Тўлагановнинг фикрича, бу сиёсат 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловларидан кейин ҳам давом эттирилади.

"Президентликка номзодлар ташқи сиёсат, ташқи иқтисодиётдаги асосий йўналиш бизнинг биринчи президентимиз томонидан кўрсатилган йўналишларга асосланишини айтиб ўтдилар", деб таъкидлаб ўтди Тўлаганов.

 

Мавзуга оид