Жамият | 10:32 / 01.12.2016
10326
3 дақиқада ўқилади

Коллеж талабаларидан тузилган жиноий гуруҳ Тошкентдаги автомашиналарни ўғирлаш билан шуғулланди

Фото: © Getty Images

Коллеж талабаси бўлган Дилёр Ўлмасов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) танишлари Расул ва Жавлон билан қаровсиз қолдирилган автомашиналарга бир неча бор “ов” уюштиришади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Ўзаро тузилган жиноий режага биноан улар Сергели туманидаги 7-мавзеда қаровсиз қолдирилган “Спарк” русумли автомашинанинг давлат рақамини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинадилар. Сўнгра, соат тунги бирларда Спутник 16-мавзеида қаровсиз қолдирилган “Матиз” русумли автомашинанинг ойнасини синдириб, ҳайдаб кетишади. Олиб қочилган автомашинага “Спарк” автомашинасининг давлат рақамини тақиб олишади.

Машинани Чирчиқ дарёси соҳили бўйига бошқариб борган “овчи”лар, автомашинадан нархи жами 530 АҚШ долларлик турли ашёларни ўғирлаб, ўзини пастликка итариб юборадилар.

Орадан бир неча кун ўтиб, аввалгидек, Спутник 9-мавзеида қаровсиз қолдирилган “Матиз бест” русумли машинанинг давлат рақамини ўғирлашади. Ва шу куни тунгги соат 01:00ларда, Сергели 2-мавзеида қаровсиз қолдирилган “Нексия-Донс” русумли автомашинанинг ойнасини синдириш йўли билан очиб, ҳайдаб кетишади. Унга “Матиз бест” русумли автомашинанинг давлат рақамини ўрнатиб, Зангиота тумани Соҳилбўйи кўчасига бошқариб бориб, автомашина салонидан ўзларига керакли буюмларни олиб, автомашинани ўша ерда қолдириб, ўзлари воқеа жойидан яширинадилар.

Жиноий гуруҳ томонидан, шунингдек, Қўйлиқ 5-даҳасидан “Кобальт” русумли машина ичидаги 1 млн, 500 минг сўмлик буюмлари билан, Қушбеги даҳасидан “Нексия”, Сергели 4-мавзеидан “Нексия-донс”, Чилонзор 17-мавзеидан “Спарк” русумли автомашиналар ҳам юқорида келтириб ўтилган усуллар билан ўғирлаб кетилади.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди Дилёр Ўлмасовга 11 йил, Расул Толиповга 12 йил, Жавлон Холиевга 10 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаб, ҳукм чиқарди.
 

Мавзуга оид