Жамият | 17:15 / 06.12.2016
5754
2 дақиқада ўқилади

Ҳар тўртинчи италияликка қашшоқлик хавф солмоқда

Фото: РИА "Новости"

Ҳар тўртинчи италияликка қашшоқлик хавф солмоқда, деб хабар берди Миллий статистика институти (Istat).

Апеннинларда 2015 йили аҳолининг 28,7 фоизи фақирлик чегарасида яшаган. Гап 17,5 миллион киши ҳақида кетмоқда. Бу кўрсаткич қашшоқлик билан кураш Европа стратегиясида Италиянинг 2020 йили етиши керак бўлган миқдоридан 4,5 миллиондан кўпроқдир, деб маълум қилишди Istat мутахассислари.

Расмий статистикага кўра, энг оғир вазият мамлакатнинг жанубий ҳудудларида кузатилмоқда. У ерда ҳар иккинчи фуқарога қашшоқлик хавф солган. Энг юқори ижтимоий хатар эса Сицилияда қайд этилган бўлиб, у ерда фақирлик аҳолининг 55,4 фоизи ҳаётида ўз аксини топган.

Save the Children халқаро ташкилоти ноябрда “Болалик харитаси” тадқиқотини тақдим этди. Унда кўрсатилишча, айни дамда Италиядаги ҳар учинчи болага қашшоқлик хавф солмоқда. 

Ҳисобот маълумотларига кўра, Апеннинлардаги 40 фоиз камбағал оилаларнинг балоғатга етмаган болалари қишда совуқдан азият чекади. Бу уларнинг уйларида иситиш тизимининг йўқлиги билан боғлиқ. Маблағ етишмовчилиги сабаб эса ҳар ўнинчи италиялик бола махсус секцияларда спорт билан шуғулланиш имконига эга эмас. Ҳар йигирманчи боланинг эса уйида ўйинчоқ йўқ.

Мавзуга оид