Жаҳон | 15:18 / 07.12.2016
12431
2 дақиқада ўқилади

Обама ИШИД пайдо бўлиш сабаблари ҳақида фикрларини билдирди

Фото: AP

АҚШнинг амалдаги президенти Барак Обама терроризм ва унга қарши муаммолар хусусида фикр билдирар экан, АҚШ йўл қўйган хатоларни эътироф этди. Хусусан, америкалик ҳарбийларнинг Саддам Ҳусайн тузумини ағдариш мақсадида Ироқда олиб борган ҳарбий ҳаракатларидаги камчиликлар ИШИДнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган. Барак Обама Флорида штати Макдил ҲҲК базасида қилган чиқишида шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашган. 

"Биз 2003 йилги ҳарбий амалиётда йўл қўйилган айрим хатоларни такрорлашдан бош тортдик. Айнан ўша вақтдаги нуқсонлар ИШИД ташкилоти пайдо бўлишининг илк сабаблари бўлди", - деган Оқ уй маъмурияти раҳбари. 

Саддам Ҳусайн тузумининг қулашига олиб келган ҳарбий кампанияни Обамадан аввалги Жорж Буш кичик раҳбарлигидаги АҚШ маъмурияти амалга оширган эди. Улар Бағдод ихтиёридаги кимёвий қуролларни йўқотиш баҳонаси билан Ироқни вайрон қилган эди. Алалоқибат, Ироқнинг ўша вақтдаги ҳукумати ихтиёрида оммавий қирғин қуроллари мавжуд бўлмагани исботланди. 

Обама, шунингдек, Американинг Ироқда кўп сонли ҳарбий кучларини олиб чиқиши ИШИД пайдо бўлишига олиб келганига доир айбловларни кескин рад этди. 

"Амалда бу ҳаракатлардан бири эмас эди", - деган Обама. Унинг изоҳ беришича, ўша вақтда Ироқ раҳбарияти "Америка ҳарбий кучларининг олиб чиқилишини хоҳлаган ва Америка ҳарбийлари мақомига оид янги келишувни имзолашга тайёр бўлмаган". Бу эса, АҚШ ҳарбий контингентини суд таъқибларидан ҳимоя қилмасликка олиб келар эди. 

Бундан ташқари, расмий Бағдод ўша вақтда динлараро зиддиятларни келтириб чиқарган сиёсат олиб борган. 

Мавзуга оид