12:02 / 08.12.2016
9197

Факт: Time Трампни «Америка Тарқоқ Штатлари президенти» деб таништирди

Американинг Time журнали «2016 йил одами» деб эълон қилинган Доналд Трампни «Америка Тарқоқ Штатлари президенти» (President of the Divided States of Amerika) сифатида таништирди.

«Мамлакат сайловлар мавсумини ҳар доимгидан ҳам бўлинган ҳолда ўтказди», — деган журнал бош муҳаррири Нэнси Гибс.

Кеча Доналд Трамп ўз твиттерида «соат 7.30да Today Show ундан интервью олишини» ёзиб, ўзининг «йил одами» деб эълон қилинишига шаъма қилганди. Кейинроқ Today Show чоршанба куни «йил одами»дан интервью олиши маълум бўлди. Кўп ўтмасдан Time АҚШнинг янги сайланган президентини «Йил одами» деб топди.

Бу йил Трампга 11 номзод рақиблик қилди, улар орасида Россия президенти Владимир Путин, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Британия мустақиллик партияси асосчиси Найжел Фарож, АҚШ президентлигига собиқ номзод Ҳиллари Клинтон, Facebook асосчиларидан бири Марк Цукерберг бор эди.

Time журнали 1927 йилдан буён «йил одами»ни аниқлаб келади. 1950 йилга қадар бу номга аниқ шахслар сазовор бўлган бўлса, кейинчалик мавҳум қаҳрамонлар ҳам мазкур номни олган.

Time журнали «Йил одами»ни эълон қилди

Трамп «Йил одами» деб топилгани у учун катта шараф эканлигини айтди

Top