21:52 / 08.12.2016
9086

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ЕХҲТ ТИВ Кенгашида маъруза қилди

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Германиянинг Ҳамбург шаҳрида ЕХҲТ ТИВ Кенгашининг анжуманида иштирок этиб, унда маъруза қилди. Бу ҳақда, ТИВ матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

Камилов саммит мезбони, ЕХҲТ раиси, Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайерга меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдириб, 2016 йил 4 декабрда Ўзбекистонда ташкил этилган президентлик сайлови натижалари ҳамда дастлабки санашларга кўра, номзод Шавкат Мирзиёев 88,6 фоиз овоз тўплаб ғалаба қозонгани хусусида ҳамкасбларига маълумот берган. 

Абдулазиз Камилов, шунингдек, президентлик сайловида 47 давлатдан келган 600дан ортиқ халқаро кузатувчи қатнашгани, хусусан, БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ, ИҲТ ва Бутунжаҳон сайлов комиссиялари уюшмаси каби обрўли халқаро ташкилотлар делегациялари қатнашганини таъкидлаган. 

У ЕХҲТ ИДемократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси илк маротаба тўлиқ миссиясини ташкил этганини алоҳида эътироф этган. Ташқи ишлар вазирининг айтишича, Ўзбекистон ЕХҲТ билан республика сайлов тизимини такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш йўлида амалий ҳамкорликни давом эттиришга тайёрдир. 

Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон ташқи сиёсатда ўз манфатларидан келиб чиққан ҳолда, БМТ низоми, ЕХҲТ Хельсинки якуний актида қайд этилган халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва Ўзбекистон Конституциясида белгилаб қўйилган меъёрлар ва бошқа зиммасига олган халқаро ҳуқуқ мажбуриятларига риоя қилишини таъкидлаган. 

Ўзбекистон, шунингдек, бошқа давлатларнинг ички ишига аралашмаслик, юзага келадиган зиддиятларни тинч, сиёсий музокаралар йўли билан ҳал этиш тарафдори бўлиб қолади. Бундан ташқари, республика ҳар қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмаслик, ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базаларни жойлаштирмаслик, ўз ҳарбийларини мамлакат ташқарисига сафарбар қилмаслик борасида принципиал ва ягона қарорни қабул қилган. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақаси энг асосий ўрин эгаллайди. Яъни ўзининг яқин қўшниларига нисбатан яхши қўшничилик ва прагматик сиёсат юритиш тарафдори бўлиб қолади. 

Минтақага жиддий хавф-хатар ва таҳдидлар соя солаётган бир вақтда, турли ғоялар ва оқимларнинг кескин тўқнашуви юз бериши мумкин бўлган Марказий Осиёни хавфсиз ва барқарор ривожланаётган минтақага айлантириш, унда тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолиш ҳамда мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий мақсадларидандир. 

Камилов Афғонистонда сақланиб қолаётган беқарор вазият минтақага жиддий хавф солаётганини таъкидлаган. Бундай шароитда, ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик қарор топиши, марказий ҳукумат ва асосий сиёсий кучлар, шу жумладан Толибон ҳаракати ўртасида сулҳ келишувига эришишда кўмаклашиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган. 

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири, саммит иштирокчилари диққатини Марказий Осиёда экологияни ҳимоя қилиш ва атроф-муҳитни сақлаб қолиш ҳам жиддий муаммолардан бири эканига қаратган. Орол денгизи қуриши билан юзага чиққан экологик фожиа оқибатлари муаммонинг жуддийлигини тасдиқлайди. 

Ўзбекистон Республикаси ташкилотнинг трансмиллий таҳдидлар, хусусан, терроризм ва радикализм, гиёҳванд моддалар савдоси ва кибержиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлайди. 

Абдулазиз Камилов нутқининг сўнггида, Германиянинг ташкилотдаги раислиги учун яна бир бор миннатдорчилик билдириб, ЕХҲТ раислигини қабул қилаётган Австрия ҳукуматига осон бўлмаган масалаларни ҳал этишда муваффақият тилаган. 

Top