Жаҳон | 21:21 / 09.12.2016
12232
2 дақиқада ўқилади

Нурсултон Назарбоев Қозоғистоннинг 25 йил ичидаги асосий ютуғига тўхталди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатдаги миллатлараро келишув, тинчлик ва барқарорликни республика мустақиллигининг 25 йил ичидаги асосий ютуғи деб ҳисоблайди. Бу ҳақида ТАСС агентлиги сиёсатчининг Қозоғистон этномаданият бирлашмалари ассамблеяси фестивалидаги нутқига асосланиб хабар берди.

"Биз бирлик ва барқарорликни қарор топтиришга муваффақ бўлдик. Қозоғистонда яшаш, ўқиш, ишлаш, болаларни тарбиялаш қулай. Тинчлик, келишув, барқарорлик - 25 йиллик мустақилликнинг асосий бойлигидир", - деди Назарбоев. 

У бугунги кунда мамлакатда 1332 этномаданий марказ фаолият юритмоқда. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бу "Қозоғистон барча учун қадрдон уй эканлигининг яққол далили"дир. 

Президент давлат "барча этномаданий бирлашмаларни мунтазам ва кенг кўламда қўллаб-қувватлаётгани, мактабларни молиялаштираётгани, она тилидан сабоқ бераётгани"ни таъкидлади. "Бизнинг газета ва журналларимиз 15 тилда чоп этилади, театрларимизда эса 7 тилда спектакллар қўйилади. Бу Қозоғистонгагина хос бўлган жиҳат", - деди у. 

Бугунги кунда Қозоғистонда 140 этник гуруҳ вакиллари яшайди. Қозоғистон Этномаданият бирлашмалари ассамблеяси 1995 йилда Нурсултон Назарбоевнинг ташаббуси билан ташкил этилган. Унинг асосий вазифаси - давлат миллий сиёсатини амалга ошириш, ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлаш ва миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат ва фуқаролик институтларининг ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш. 

 

Мавзуга оид