Жамият | 17:06 / 11.12.2016
23130
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистондаги штат раҳбари вафотидан қайғуга ботган 470 киши ҳаётдан кўз юмди

Ҳиндистонда Тамилнад штати раҳбари Жаярам Жаялалита ўлимидан қайғуга ботган 470 нафар киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақида "Аннадураи номидаги Ҳиндистон дравид тараққиёт федерацияси" сиёсий партиясининг Twitter'ида маълум қилинди

"Инқилоб етакчисининг ўлимини кўтара олмай, жами 470 нафар киши ҳаётдан кўз юмди. Вафот этган кишиларнинг оиласига 300 минг рупий миқдорида ёрдам пули ажратилади", - дейилади хабарда. 

"Аннадураи номидаги Ҳиндистон дравид тараққиёт федерацияси" ҳам ўз-ўзини ёқиб юборишга уринган партия аъзоси ва бармоғини кесиб ташлаган яна бир шахсга 50 минг рупий тўлайдиган бўлди. Huffington Post'да ёзилишича, штат раҳбарининг ўлимидан кўпчилик қайғуда. 

Жаярам Жаялалита узоқ йиллар давомида Тамилнад штати бош вазири лавозимини эгаллаб, Ҳиндистон парламенти юқори палатасининг аъзоси, "Аннадураи номидаги Ҳиндистон дравид тараққиёт федерацияси" етакчиларидан бири бўлган. У ўз фаолиятини кино актрисаси сифатида бошлаган, кейинчалик эса мамлакатнинг энг таниқли сиёсатчиларидан бирига айланган. Жаялалита 5 декабрда Ченнаи шаҳрида юрак хуружи туфайли ҳаётдан кўз юмди. 

 

Мавзуга оид