Жаҳон | 13:33 / 15.12.2016
6623
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Эронга қарши санкцияларни узайтирди

Фото: © AP

Қўшма Штатлар Эронга қарши санкцияларни яна ўн йилга узайтирди. Associated Press (AP) агентлигининг хабар беришича, ҳужжат пайшанба куни кучга киради. 

Америка қонунчилигига кўра бу вақтга қадар президент Барак Обама санкциялар муддатини узайтириш ҳақидаги қонун лойиҳасига имзо чекиши ёки уни бекор қилиши лозим бўлади. "Бироқ у ҳеч нарса қилмади. Шунинг учун ҳужжат автоматик тарзда қонунга айланди", - деб аниқлик киритган AP.

Оқ уй матбуот котиби Эрик Шульц эса АҚШ маъмурияти "Эронга қарши санкциялар ҳақидаги қонунни узайтиришга эҳтиёж йўқ, бироқ у мамлакат ядро дастури бўйича келишувни "амалга оширишга ҳалал бермайди", деган фикрда эканини маълум қилди.

Маълумот учун, қонун АҚШ президентига Эрон томонидан баллистик ракеталарни ишлаб чиқишга алоқадорларга қарши санкция киритишга имкон беради. 

Аввалроқ, ЭИР ТИВ раҳбари Муҳаммад Жавад Зариф "Эронга қарши санкцияларни узайтириш мамлакат иқтисодиётига учинчи мамлакатларнинг инвестицияларига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслигини, бироқ жаҳон ҳамжамиятига Қўшма Штатлар ўз мажбуриятларига хилоф равишда иш юритаётганликларини кўрсатиб беришини" маълум қилди. 

Маълумот учун, Венада 2015 йилнинг 14 июль куни Эрон ядро дастури бўйича биргаликдаги ўзаро якуний режа мувофиқлаштирилганди. БМТ, АҚШ ва ЕИ эса 2016 йилнинг 16 январь куни Эронга нисбатан иқтисодий ва молиявий чекловларни бекор қилди. Шу билан бир қаторда, АҚШ президентининг Ислом Республикасига қарши санкциялар тўғрисидаги фармонлари тўлалигича бекор қилинмаган, балки вақтинчалик тўхтатилган.
 

Мавзуга оид