АҚШнинг қайси давлатдан энг кўп қарзи бор?
Хитой шу йилнинг октябрь ойида Америка давлат облигацияларига эгалик қилувчи мамлакатлар орасидаги етакчиликни бой берди. Эндиликда, унинг ўрнини 1,131 триллион доллар миқдоридаги Америка ҳукумати қимматли қоғозларига эгалик қилаётган Япония эгаллаган. Хитой ихтиёрида салкам 1,116 триллион долларлик давлат облигацияси бор, дейилади АҚШ Молия вазирлиги статистикасида.
Аввалроқ, Хитойнинг АҚШ ташқи қарзидаги улуши 1,157 триллион долларни ташкил этар эди. Иккинчи ўринда турган Япония 1,136 триллион доллар миқдорида Америка қарз мажбуриятига эгалик қилар эди. Октябрь ойида ХХР 41 млрд долларлик активларни сотишга қарор қилган, Япония эса ўз улушини атиги 5 миллиард долларга камайтирган.
АҚШ молия вазирлиги статистикасига кўра, бир йил муқаддам, 2015 йил сентябрь ойида ҳам Хитой Япониядан ортда қолган эди. Ўшанда Пекин маъмурияти 100 млрд доллардан ортиқ қимматли қоғозларни сотиш билан фонд бозорида ноаниқликка сабаб бўлганди.