Жаҳон | 13:32 / 22.12.2016
11309
1 дақиқада ўқилади

Россияда "Бояришник" қурбонлари сони 70дан ошди

Фото: © РИА Новости

Россиянинг Иркутск вилоятида дўланадан тайёрланган қўлбола спиртли эритма истеъмолидан заҳарланиб, ҳалок бўлганлар сони 71 нафарга етган. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги минтақа соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Татьяна Шкурскаяга асосланган ҳолда хабар қилмоқда.

"Жами жабрланганлар сони 117 кишини ташкил этади. Ўтган тун давомида яна бир киши олиб келинган. 36 киши стационар даволанишда", — деган агентлик суҳбатдоши. 

Шифокорларнинг сўзларига кўра, жабрланганларнинг аксарияти шифохоналарга кома ҳолатида олиб келинган. "Бояришник" эритмаси истеъмолидан кейин заҳарланиш ҳолати 1 соатдан 24 соатгача бўлган вақт оралиғида кузатилади. 

Иркутскда таркибида метил спирти бўлган қўлбола эритма истеъмолидан оммавий заҳарланиш 17 декабрда илк бора қайд этилган эди. Терговчилар жиноий иш қўзғатган. Суриштирув чоғида улар яширин цех фаолиятини аниқлашган. Заҳарли маҳсулотни тарқатган 12 киши қўлга олинган. 

 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид