Самарқанд вилоятига янги ҳоким тайинланди
23 декабрь куни Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Кун.уз манбасининг маълумотига кўра, Оқбўтаев Ҳиммат Қўчқорович вилоятнинг янги раҳбари этиб тайинланган.
У шу вақтгача Самарқанд вилояти ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.
Оқбўтаев Ҳиммат Қўчқорович 1962 йил 1 февралда, Самарқанд вилояти, Ургут туманида туғилган. Маълумоти – олий.
У меҳнат фаолиятини 1979 йилда Ургут туманида жамоа хўжалиги аъзоси сифатида бошлаган. Ҳарбий хизматни ўтагандан сўнг, 1983-1988 йилларда Тошкент давлат университетида таҳсил олган. 1988-1991 йилларда Ургут туманидаги жамоа хўжалигида ҳуқуқшунос, 1991-1992 йилларда Навоий вилояти Хатирчи тумани прокуратураси иш ўрганувчиси, 1992-1993 йилларда Навоий тумани прокурори катта ёрдамчиси, 1993-1994 йилларда Навоий вилояти прокуратураси ички ишлар идораларида тергов ва суриштирув устидан назорат бўлими катта прокурори, 1994-1996 йилларда Навоий шаҳар прокурори ўринбосари, 1996-1999 йилларда Навоий тумани прокурори, 1999-2000 йилларда Навоий вилояти прокуратураси иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш бўлими катта терговчиси, 2000-2002 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси прокуратура органларида терговни назорат қилиш бошқармаси прокурори, катта прокурори, 2002-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ички ишлар вазирлиги идораларида тергов ва суриштирув устидан назорат бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 2003-2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ички ишлар вазирлиги органларида қонунлар ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи, 2004-2006 йилларда Навоий вилояти прокурори ўринбосари вазифаларида ишлаган.
2006-2016 йилларда Самарқанд вилояти Ургут тумани ҳокими лавозимида меҳнат қилган.
Эслатиб ўтамиз, вилоятнинг аввалги ҳокими Мирзаев Зойир Тоирович Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги раҳбари этиб тайинланганди.
Қайд этиш керакки, бу шу ойнинг ўзида олтинчи вилоятда ҳоким ўзгариши бўлди. Бунгача, Тошкент, Сирдарё, Сурхондарё, Бухоро ва Жиззах вилоятларида раҳбар ўзгарганди. 4та вилоят ҳокими (Сирдарё, Сурхондарё, Бухоро ва Жиззах) ўз лавозимларидан туман ҳокимлигига туширилган.
Мавзуга оид
08:10
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024