Жамият | 12:27 / 04.01.2017
12215
3 дақиқада ўқилади

Жиноят ва жазо: Қонунни четлаб қоқилишди

Фото: Getty Images

Андижон туманилик Насрулло Иноғомов билан Сурхондарё вилоятида туғилган Амир Тўлаганов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қилган ноқонуний қилмишлари учун жавоб беришди.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, аввалига “ORBAY-MAIL DELIVERY” масъулияти чекланган жамиятни таъсис этган икковлон раҳбарликка танишларини тайинлашади. Амалда эса МЧЖни ўзлари норасмий равишда бошқаришади ҳамда нафс қутқусига учиб, даромад топиш пайига тушишади. Жумладан, ўтган йил декабрь ойи охирида МЧЖ билан Туркия давлатининг “GOLDEN KARGO” корхонаси ўртасида экспорт контракти имзоланади.

Контрактга кўра МЧЖ почта жўнатмаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташиш вазифасини бажариши лозим бўлади. Аммо икковлон тегишли Қонун ҳужжатларида белгиланган муайян имтиёздан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишни кўзлашади.

Хусусан, “GOLDEN KARGO” корхонасининг мансабдор шахслари билан тил бириктириб, Туркия давлатидан почта жўнатмаларини жўнатиш вақтида почта жўнатмалари аслида 24 нафар шахсга тегишли бўлгани ҳолда, аслида мавжуд бўлмаган 205 нафар кишининг исм-фамилияси ва манзиллари ёзилган шунча миқдордаги сохта божхона декларацияларини расмийлаштиришган.

2015 йилнинг май ойида эса Туркиядан “ORBAY-MAIL DELIVERY” масъулияти чекланган жамият номига расмийлаштирилган авиа ҳужжатлари ва 205 нафар шахснинг номига расмийлаштирилган 304 млн. 634 минг сўмлик 1655 килограмм юк келгандан сўнг, 205 та божхона декларациясидаги маълумотларга умуман тўғри келмайдиган рўйхатни Туркиядан қабул қилиб олишади. Сўнгра таъкидланган юкларнинг юзаки божхона кўригидан ўтказилишига эришишади. Натижада 142 млн. 144 минг сўмдан ошиқроқ тўлов тўланмай, божхона назоратидан яширилган ҳолда Ўзбекистон Республикасига олиб кирилади.

Бундан ташқари, “ORBAY-MAIL DELIVERY” МЧЖни норасмий равишда бошқарган Насрулло Иноғомов Амир Тўлаганов билан ўзаро келишган тарзда, МЧЖнинг фаолияти бўйича юритилган бухгалтерия ҳисоботлари ва бошқа ҳужжатларни қасддан яшириб, нобуд қилиб юборган.

Мўмай даромад илинжида жиноятга қўл урган ҳар икки қонунбузарга суд томонидан қилмишларига яраша тегишли жазо тайинланди. Шунингдек, иш бўйича ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган 304 млн. 634 минг сўмлик кийим-кечак ва бошқа хўжалик-маиший товарлар давлат фойдасига ўтказилди.

Мавзуга оид