Пентагоннинг лавозимидан кетаётган раҳбари Путиндан шикоят қилди
Пентагоннинг ўз лавозимини тарк этишга яқин турган раҳбари Эштон Картер АҚШ Россия билан президент Владимир Путин туфайли муносабатларни яхшилай олмайди, деган фикрда. У бу ҳақда The Wall Street Journal’га берган интервьюсида айтиб ўтган.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, Путин ўз сиёсатидаги муваффақиятларни ўзи томонидан “бутун дунёда яратиладиган ноқулайлик даражаси” билан белгилайди.
“Шунинг учун бизга россиялик етакчилар билан бир қарорга келиш жуда мушкул”, - деди Дональд Трампнинг инаугурациясидан сўнг лавозимидан кетадиган Пентагон раҳбари.
У Москвани Суриядаги амалиёти учун алоҳида танқид қилди.
Картернинг сўзларига кўра, Россия Сурияда ИШИД билан кураш учун ҳеч нарса қилмаган. “Улар Сурия ҳукумати билан биргаликда мухолифатга қарши курашмоқда”, - маълум қилди у.
Шунингдек, Картер янги конгресс ва янги президентлик маъмуриятини АҚШнинг Европадаги иттифоқдошларига ёрдам беришга қаратилган молиявий дастурларни давом эттиришга чақирганини ҳам таъкидлаб ўтди. Бу “Россиянинг аралашувидан ҳимоя қилиш учун” амалга оширилган.
“Биз Европада НАТОни бир куч бўлиб ушлаб туришга кўмак берувчи етакчилик хусусиятларини кўрсатишимиз керак. Сабаби альянснинг ажралиши ва ундан алоҳида аъзоларни чиқариб олиш – Россия кўзлаган мақсадлардан бири”, - дейди у.
WSJ’нинг кўрсатишича, Картернинг Суриядаги Россия хатти-ҳаракатига берган баҳоси сайланган президент позицияси билан фарқ қилади.
Пентагон раҳбари – Россияни “қуролларни жаранглатишда” айблаётган кўплаб америкалик сиёсатчилардан биридир. Шу билан бир қаторда, Россия президенти Владимир Путин Италиянинг Il Corriere della Sera газетасига берган интервьюсида “Россия НАТО давлатларига ҳужум қилади, деб фақатгина носоғлом киши ўйлаши мумкин” деб таъкидлаб ўтган.
Мавзуга оид
13:22 / 13.11.2024
Пентагон ҳужжатларини ошкор этишда айбланган шахс 15 йилга қамалди
07:56 / 13.11.2024
Пентагон Украинага ёрдам учун қолган пул миқдорини эълон қилди
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
09:00 / 30.10.2024