Жаҳон | 19:39 / 13.01.2017
10133
2 дақиқада ўқилади

Сноуденнинг сурати Париждаги Озодлик ҳайкали узра кўтарилди

Фото: AFP 2017/ Eric Feferberg

Amnesty International ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилоти фаоллари Париждаги Озодлик ҳайкали узра 2,5 метр диаметрли ҳаво шарини кўтаришди, унда Америка махсус хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуденнинг сурати акс этган. Бу ҳақида РИА "Новости" хабар берди

"Бутун дунёни оммавий кузатувдан огоҳ қилган ахборотчи ҳимояси учун бундан яхши нима бўлиши мумкин? Инсонларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва шахсий фикр билдириш ҳуқуқини бузувчи дастурий таъминотнинг мавжудлигидан далолат берувчи ҳужжатларни мардларча журналистларга топширган Эдвард Сноуден фуқароларнинг шахсий эркинлиги ҳимоячиси сифатида намоён бўлди", - дейилади Amnesty International'нинг Франциядаги бўлимида. 

Ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу акция орқали ўз лавозимини тарк этаётган АҚШ президенти Барак Обаманинг Сноуденни афв этувчи ҳужжатга имзо чекишига эришишмоқчи. Ташкилот маълумотларига кўра, Францияда мазкур мазмундаги петиция 132 минг киши томонидан имзоланган, бутун дунё бўйича эса - 1 миллиондан ортиқ киши бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган. 

Эдвард Сноуден 2013 йилнинг июнь ойида Washington Post ва Guardian газеталарига АҚШ ва Буюк Британия махсус хизматларининг кузатув дастурларига доир бир қатор махфий маълумотларни топширган. Шундан сўнг у Ҳонгконгга, у ердан эса Москвага парвоз қилган. Америка ҳукумати унинг паспортини бекор қилди. Бу Сноуденнинг юридик жиҳатдан Россияни тарк этишига имкон бермасди. 

Кейинроқ Москва Сноуденга АҚШга қарши фаолиятини тўхтатиш шарти билан вақтинчалик бошпана берди. 2014 йилнинг 1 августида у нафақат Россия, балки унинг ташқарисида ҳам саёҳат қилишга имкон берувчи 3 йиллик турар-жой билан таъминланди. 

Мавзуга оид