Ўзбекистон | 14:42 / 14.01.2017
34040
4 дақиқада ўқилади

14 январь – мустақил Ўзбекистон мардларининг санаси муборак

Давлат мудофаа қобилиятининг энг муҳим қисми унинг Қуролли кучларидир. Шундан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси ҳам мустақилликни қўлга киритган даврида ўзининг Қуролли кучларини ташкил этди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг" Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга биноан 14 январь куни "Ватан ҳимоячилар куни", деб эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари таркибига Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий Ҳаво кучлари ва Ҳаво ҳужумидан мудофаа қушинлари, махсус ва муҳандислик-қурувчилик қўшинлари, Ички ишлар вазирлигининг ички ва қоровул қўшинлари киради.

1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлар негизида Миллий гвардия тузилди. Миллий гвардия Қуролли Кучларнинг таркибий қисмидир, Миллий гвардия ва Қуролли кучларнинг асосий вазифаси, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ва осойишталиги ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш этиб белгиланган. Умуман, Ўзбекистоннинг Қуролли кучлари ҳарбий тузилмалар, ҳарбий ўқув юртлари ва бошқа ҳарбий қисмлардан иборат бўлиб, улар давлат томонидан ташкил қилинган ва таъминланган бўлиб, уруш ва бошқа ҳарбий можароларнинг олдини олиш, мамлакат мустақиллигини, аҳолининг тинч ҳаётини ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Ўзбекистонда қўшинлар оператив бошқарувини ташкил этиш мақсадида ҳарбий округлар ташкил этилган. Ҳарбий округ бу - операцион йўналишларда мамлакатнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминловчи асосий ҳарбий-маъмурий бирлик ҳамда умумқўшин тезкор-стратегик ҳудудий бирлашмасидир. Ўзбекистон Республикаси қуролли қучлари ҳарбий округлари 5 минтақага тақсимланган. Биринчиси Шимолий-Ғарбий ҳарбий округ бўлиб, Қорақалпоғистон Републикасини қамраб олади, бу ҳарбий округнинг штаби Нукус шаҳрида жойлашган. Иккинчиси Жанубий-ғарбий ҳарбий округ бўлиб Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларини ўз ичига олади. Бу округнинг штаби Қарши шаҳрида жойлашган. Учинчиси Марказий ҳарбий округ бўлиб Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларини ўз ичига олади, бу округнинг штаби Жиззах шаҳрида жойлашган. Тўртинчиси Тошкент ҳарбий округи бўлиб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятини ўз ичига олади. Ушбу округнинг штаби Тошкент шаҳрида жойлашган. Бешинчиси Шарқий ҳарбий округ бўлиб, Андижон, Наманган, Фарғона валоятларидан иборат ва бу округнинг штаби Фарғона шаҳрида жойлашган.

Бу ҳарбий округларнинг барчаси бевосита Ўзбекистон мудофаа вазирлигига бўйсунади. Ўзбекистонда Мудофаа вазирлигининг қошида Тошкент умумқўшин командирлари, Самарқанд автомобилчи командир-муҳандислар, Чирчиқ танкчи командир-муҳандислар, Жиззах авиация олий ҳарбий билим юрти, Ички ишлар вазирлигининг Тошкент олий ҳарбий техника билим юрти, Ёнғин хавфсизлиги олий техника мактаблари фаолият юритади. Ушбу ҳарбийлашган ўқув юртларида ҳамда ўқув округларидаги сержантлар тайёрлаш мактабларида Қуролли Кучлар сафларига турли мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрланади. Ўзбекистоннинг ҳарбий қудрати Ўрта Осиё мамлакатлари ичида биринчи ўринда турса, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлаклари ичида эса Россия ва Украинадан сўнг учинчи ўринда туради. Ўзбекистон халқаро терроризм, экстремизм ва гиёҳвандлик фаолиятларига қарши курашда жиддий ва кенг қамровли ишларни амалга ошириб келмоқда.

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан республикамиздаги барча ҳарбий зобитлар, орган ходимлари, қолаверса, эл-юрт хизматида камарбаста бўлаётган эр кишиларни сайтимиз номидан самимий қутлаб қоламиз!

Мавзуга оид