Ўзбекистон | 13:39 / 15.01.2017
26834
4 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида Ислом Каримов ҳайкалини яратиш бўйича Халқаро ижодий танлов Низоми тақдим этилди

Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича Халқаро ижодий танлов Низоми тақдим этилди. Бу ҳақида art-academy.uz сайтида батафсил маълумот берилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги ПҚ-2667-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича Халқаро ижодий танлов Тошкент шаҳрида ўтказилади.

Халқаро ижодий танлов ташкилотчилари - Ўзбекистон Бадиий академияси, Бадиий кўргазмалар дирекцияси, Тошкент шаҳар ҳокимияти, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон миллий телерадикомпанияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси, Ўзбекистон Республикаси архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси, ЎзА (Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги), Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси.

Танловнинг асосий мақсади Тошкент шаҳрида буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Мустақиллигининг асосчиси — Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича ишлаб чиқилган энг яхши лойиҳани танлаб олишдир.

Манбага кўра, ёдгорлик Тошкент шаҳрида ўрнатилади. 

Халқаро ижодий танлов бир босқичда ўтказилади. Ижодий танлов иштирокчилари учун Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда ташкилий қўмитанинг махсус интернет сайтида танловга оид қуйидаги маълумот ва материаллар жойлаштирилади: танлов дастури ва талаблари, Ўзбекистон Биринчи Президентининг ҳаёти ва фаолияти ёритилган маълумот, Ислом Каримов суратлари жамланмаси, ёдгорлик ўрнатиладиган жой чизмаси: ажратилган майдон ва унинг атрофидаги ҳудудга доир фотосуратлар, ҳудуднинг асосий режаси.

Мазкур халқаро ижодий танловда мутахассис ҳайкалтарошлар, архитекторлар иштирок этишлари мумкин. Иштироки йўл қўйилмайдиганлар - ҳакамлар ҳайъатини тузган шахслар, ҳайъат аъзолари, уларнинг қариндошлари, ҳамкорлари, ёрдамчилари ва ходимлари, ҳайъат аъзоси вазифасига доир фаолиятнинг бирор босқичида иштирок этувчи шахслар, ташкилий қўмита аъзолари, шунингдек, танловга тайёрланиш, ўтказиш, натижаларни қабул қилиш ва тасдиқлаш босқичларининг бирортасида иштирок этувчи шахслар.

Анонимликни сақлаш учун Халқаро ижодий танлов иштирокчилари ўз лойиҳаларини барча материалларининг пастки ўнг бурчагида ҳамда яширин кодли конверт юзида олтита белгидан иборат яширин код остида тақдим этишади. Кодли конвертда қуйидаги маълумотлардан иборат маълумот варақаси бўлиши шарт:

– лойиҳа муаллифларининг исм-шарифи;
– маълумоти, мутахассислиги, унвони;
– фуқаролиги;
– манзили;
– телефон рақамлари, электрон почтаси;
– шахсни тасдиқловчи ҳужжат, хорижлик иштирокчилар учун эса хориж паспорти нусхаси, шунингдек, диплом нусхаси;
– лойиҳа муаллифлари шахсий рақамлари реквизити, СТИР;
– мукофотнинг лойиҳа ҳаммуаллифлари ўртасида фоизли нисбати кўриб чиқилган, ижодий жамоанинг барча аъзолари имзо чеккан келишув;
– барча муаллифларнинг шахсий имзоси;
– санаси кўрсатилган ва тўлдирилган маълумот варақаси.

Халқаро ижодий танловнинг бошланиш санаси оммавий ахборот воситаларида танлов шартлари эълон қилинган кундан сўнг аниқланади.

Танлов ишлари ҳакамлар ҳайъатига танишиш учун 2017 йилнинг 31 мартгача қуйидаги манзилга юборилади: 
Тошкент шаҳри, 100029, Ш.Рашидов кўчаси, 40-уй. Ўзбекистон Бадиий академиясининг Бадиий кўргазмалар дирекцияси. Марказий кўргазмалар зали. 
Тел., факс:  (99871) 252-26-50, 256-51-45.

Халқаро ижодий танлов иштирокчилари танлов материалларини тайёрлашга кетадиган маблағнинг барчасини, шунингдек, Марказий кўргазмалар залига олиб келиш харажатларини ўз зиммасига олади.

Мавзуга оид