Ўзбекистон | 16:36 / 26.01.2017
42216
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда синтетик ёқилғи ишлаб чиқарувчи завод қурилмоқда

Uzbekistan GTL МЧЖ Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарувчи завод қурилишини бошлади. Бу ҳақда компания хабарида айтилди.

Uzbekistan GTL компанияси EPC халқаро пудратчилар консорциумига OLTIN YO’L GTL заводини қуриш ишларини бошлаш тўғрисида хабар берган.  

У лойиҳа ечимларини мукаммал ишлаб чиқиш, таъминотни ташкил этиш ва Қашқадарё вилоятидаги қурилиш майдонида асосий қурилиш-монтаж ишларини бошлашни назарда тутади, дейилади компания хабарида.

“Қурилиш майдонида қурилишга тайёрлаш ишлари якунланиши, барпо этилган «LTFT» реактори ва ўтказилган лойиҳа қийматини оптималлаштириш билан бир қаторда, ушбу марра OLTIN YO’L GTL лойиҳасини амалга оширишда навбатдаги муҳим босқич бўлди”, - деб таъкидлайди Uzbekistan GTL. 

OLTIN YO’L GTL юқори сифатли ёқилғи ишлаб чиқариши натижасида транспорт соҳаси учун тоза экологик келажакни таъминлаб, дунёдаги энг илғор корхоналардан бири бўлади ва Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши ва ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади. 

Завод 3,5 миллиард кубометр газни қайта ишлаб, 863,4 минг тонна дизель ёқилғиси, 304 минг тонна авиакеросин, 395,5 минг тонна нафта ва 11,2 минг тонна суюлтирилган газни ишлаб чиқаради.

Қиймати тахминан 4 миллиард АҚШ доллари бўлган завод қурилишини молиялаштириш қўшма корхона муассисларининг ўз маблағлари, шунингдек, қўшма корхонага молиялаштириш лойиҳаси талаблари (лойиҳа умумий суммасининг 70 фоизига қадар) асосида кредит тақдим этувчи банклар консорциуми ва молия институтлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. 

Мавзуга оид