Жаҳон | 08:12 / 27.01.2017
6999
2 дақиқада ўқилади

Мексика президенти Трамп билан учрашувга боришдан бош тортди

Фото: Reuters

Мексика президенти Энрике Пенья Ньето 31 январга белгиланган АҚШга ташрифини бекор қилишини маълум қилди. Ташриф вақтида Ньетонинг АҚШ президенти Дональд Трамп билан музокаралар ўтказиши режалаштирилганди.      

"Биз Оқ уйни мен кейинги сешанбага президент Трамп билан белгиланган амалий учрашувда иштирок этмаслигимдан хабардор қилдик", деб ёзди Пенья Ньето твиттерда.

Шу билан бирга Ньето АҚШ билан мулоқот қилишга тайёрлигини билдирди.

"Мексика АҚШ билан икки давлатга фойда бўладиган келишувларга эришиш учун ишлаш истагини тасдиқлайди", деб ёзган Мексика президенти. 

Аввалроқ Трамп агар Мексика икки давлат ўртасидаги девор қурилишини тўлашни истамаса, унда Ньетонинг ташрифини бекор қилиш маъқулроқ бўлишини айтган.

Аввалроқ Трамп Вашингтон девор қурилишини зудлик билан бошлаши ҳақидаги фармонни имзолаганди. Ҳамма ишлар АҚШ бюджети ҳисобига амалга оширилади, Мексика эса кейинроқ харажатларни у ёки бу йўл билан қоплаши керак бўлади.

Бироқ Ньето Трампнинг бу қарорини танқид қилиб келмоқда ва девор қурилиши учун ҳеч қандай ҳақ тўламаслигини айтмоқда.

Мавзуга оид