Жаҳон | 08:32 / 30.01.2017
18732
2 дақиқада ўқилади

Бошсиз чавандоз: ижтимоий тармоқлар F-35 қирувчисининг яна бир муаммосини фош қилишди

Интернет тармоғида Американинг бешинчи авлод қирувчи самолётлари F-35C бири ортидан бири авиаташувчидан ҳавога кўтарилаётгани акс этган видеолавҳа жойлаштирилган. Лавҳада, пилотлар ҳавога кўтарилиш чоғида кабинанинг юқори қисмига боши билан урилишини кўриш мумкин. Бунда айримларининг бош кийимлари тушиб ҳам кетади. 

Лавҳага Бразилиялик фойдаланувчи эътибор қаратган. У видеонинг бир қисмини Twitter саҳифасига жойлаштирди.

"Қаранг, 400 минг долларлик шлем учувчининг бошидан тушиб кетишини", — деб ёзган у. 

Ҳавога кўтарилиш чоғида учувчи энсасига тушиб кетганини кўриш мумкин бўлган шлем индикатори парвоз чоғида муҳим маълумотларни кўрсатади. Усиз учувчи ҳаводаги вазиятни баҳолай олмайди. 

Қирувчи самолётнинг кескин старти ғарб журналистларининг эътиборини тортган эди. Хусусан, Business Insider нашрининг ёзишича, айни шу сабаб, самолётнинг кема намунаси F-35C қирувчиси жанговар сафга қабул қилингани йўқ. Мақола муаллифлари F-35C ва 1970 йилларда ишлаб чиқилган F-18 самолётларининг катапульта парвозини таққослаб кўришган. F-18 кучли силкинади, аммо бешинчи авлод самолётичалик эмас. 

"Шу билан бирга, F-18 учувчисида парвоз учун ўта муҳим маълумотларни акс эттирувчи 400 минг долларлик шлем йўқ", — дейилади мақолада. 

Нашрнинг ёдга олишича, Пентагон томонидан ўтказилган тадқиқот натижаси F-35C қирувчисининг катапульта парвози учувчи саломатлиги учун хавфли бўлиши мумкинлигини кўрсатган. 105 нафар учувчидан 74 нафари шундай парвоздан сўнг,  "оғриқ"дан шикоят қилишган, яна 18 киши "кучли оғриқ"ни айтишган, бир учувчи  "кучли давомли оғриқ" ҳақида сўз юритган.

Бешинчи авлод F-35 қирувчи самолёти ўзининг ўта юқори таннархи ва кўплаб техник камчиликлари сабабли танқид қилинади. F-35 дастури Америка солиқ тўловчиларига тахминан 400 миллиард долларга айланган.

Мавзуга оид