Жаҳон | 16:22 / 30.01.2017
4984
2 дақиқада ўқилади

Британия ҳукумати Трампнинг қиролича томонидан қабул қилинишини бекор қилмайди

Британия ҳукумати АҚШ президенти Дональд Трампнинг мигрантларга қарши кўрган қатъий чораси туфайли мамлакатга давлат ташрифини бекор қилишга бўлган чақириқларни рад этди. Бу ҳақида BBC нашри хабар берди. 

Буюк Британияга амалга ошириладиган давлат ташрифи хорижий давлат раҳбарининг қиролича Елизавета II томонидан қабул қилинишини кўзда тутади. Миллиондан зиёд британияликлар имзолаган петиция муаллифлари бунга қарши чиқишди.

Ўтган пайшанба Вашингтонда янги лавозимига киришган АҚШ президенти ва бош вазир Тереза Мэйнинг биринчи учрашувида Трамп Британияга расман таклиф қилинди. 

Лейбористик партия етакчиси Жереми Корбиннинг сўзларига кўра, Британия бош вазири Тереза Мэй Дональд Трампнинг ташрифи муддатини кечиктирмаса, юртдошларининг ишончини оқлай олмайди.

Шанба куни Британия парламенти сайтида Дональд Трампнинг мамлакатга давлат ташрифи доирасида келишини тақиқлашга чорловчи петиция матни чоп этилди. 

Петиция муаллифларининг бунга Трампнинг аёлларга нафрат билан қараши ва қўпол хатти-ҳаракатларини асос қилиб келтиришган. Уларнинг фикрича, бу АҚШ 45-президентининг қиролича Елизавета ёки Уэльс шаҳзодаси томонидан қабул қилинишига йўл қўймаслиги керак. Хабар матнида айтилишича, бундай қабул қироличани ноқулай вазиятда қолдириши мумкин. 

Мавжуд қоидаларга кўра, петицияни 10 мингдан зиёд киши имзоласа, ҳукумат унга нисбатан расмий муносабат билдиришга мажбур. Агар петиция 100 мингдан ортиқ имзо тўпласа, парламент бу масала бўйича дебатларни бошлаши мумкин бўлади.

Мавзуга оид