Жамият | 13:46 / 30.01.2017
12445
3 дақиқада ўқилади

Шиша ортидаги фожиа ёки 18 йилга қамалган эркак қилмиши

Анвар Шокиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) дастлаб ўғирлик жиноятини содир этганида ёшлик қилиб қўйган, деб ярашув институти қўлланилган эди. Орадан бир йил ўтиб эса, яна ўғирлик ва фирибгарлик жиноятини содир этди ва уч йилга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди. Аммо Ўзбекистондаги инсонпарварлик тамойилидан келиб чиқиб қабул қилинган амнистия актига кўра, у белгиланган жазони ўташдан озод қилинган. Бошқача қилиб айтганда, А.Шокировга хатосини тўғирлаб олиш учун яна бир имконият берилган. Бироқ у бундай имкониятдан унумли фойдаланмади.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, одатдаги кунлардан бирида у таниши Муҳиддин Исроиловга қўнғироқ қилиб, у билан истироҳат боғида кўришишга келишади. Айтилган вақтда боғ ичида учрашишгач, шу атрофдаги музқаймоқхонага киришади. Икки “дўст” бу учрашувни пиво ичимлиги билан “нишонлаш”дан бошлашади. Шу зайл орадан 2-3 соат ўтиб, пиво ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Бироқ уларнинг нафслари яна спиртли ичимлик талаб қилади. Бу вақтда эса чўнтакларида бир чақа ҳам қолмаган эди. Шу онда Комил исмли бола уларнинг ёнидан иккита ярим литрлик шишада пиво кўтариб ўтади. Буни кўрган Анвар Комилни тўхтатиб, пивони қаерга олиб кетаётганини сўрайди. У эса, Истамга олиб кетаётганини айтади. Ичкилик таъсиридан бироз “дадиллашиб” олган Анвар унга Истам дўсти эканлигини, шу ерга келса, ушбу пивони бирга ичишини айтиб, унинг қўлидаги ичимликларни олиб қолади-да, Комилни жўнатиб юборади. Омад кулиб боққанидан хурсанд бўлган Анвар навбатдаги шишаларни бўшатаётганида улар ўтирган жойга Э.Жабборов, Л.Жамилов, М.Иминов, М.Шариповлар келиб, ушбу ҳолатга ойдинлик киритиб олмоқчи бўлишади. Э.Жабборов сархуш ўтирган Комилдан олиб қолган пиволарининг пулини тўлаб қўйишни талаб қилиб, ундан 5000 сўм пул сўрайди. Анвар унга жавобан ҳеч кимдан пул олмаганини, фақатгина пиво олганини айтиб, қўпол муомала қилади. Шундан сўнг, улар гап талашиб кетишади. Тортишувга нуқта қўйиш мақсадида Анвар Э.Жабборовни кўчага чиқиб, гаплашиб олишга чорлайди. Кўчада бир-бирларини ҳақоратлашдан бошланган жанжал фожиа билан тугайди. Анвар Э.Жабборовнинг қорнига, Л.Жамиловнинг эса кўкрагига пичоқ санчиб олади. Қилар ишни қилиб, ўзига келиб қолган зўравон қўлидаги пичоғини истироҳат боғининг кўздан панароқ жойига ташлаб юборади.

Ўз вақтида кўрсатилган малакали тиббий ёрдам туфайли Э.Жабборовнинг ҳаётини сақлаб қолишга эришилади. Бироқ Л.Жамиловга етказилган тан жароҳати оғир бўлганлиги учун касалхонада вафот этади.

Суд А.Шокировга нисбатан жазо тайинлаб, ҳукм ўқиди. Унга кўра, бу шахс ўн саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Мавзуга оид