Жаҳон | 09:00 / 31.01.2017
6905
3 дақиқада ўқилади

Шотландия биринчи вазири Британия бош вазирига ультиматум қўйди

Шотландия биринчи вазири Никола Стержен Британия бош вазири Тереза Мэйга икки ой муддатлик ультиматум қўйди. Бу вақт давомида у Brexit бўйича келишиб олиши лозим. Шунингдек Стержен ҳудуднинг мустақиллиги борасидаги янги референдумга ҳам шама қилган, деб хабар берди Independent.

Аввалроқ Стержен Шотландия мустақиллиги бўйича янги референдум Буюк Британиянинг ЕИдан чиқишига қадар ўтказилиши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтганди.

"Бу менинг бош вазирга тушунтиришим мумкин бўладиган энг сўнгги имконим. Мен у томондан қандайдир ҳаракатни кўришим лозим ҳамда унда бунинг учун бир неча ҳафта давомида вақт бор", - дея маълум қилди Стержен. Унинг қўшимча қилишича, "ҳозирча келишиш ёки бунга ҳаракат қилиш фақатгина Шотландия ҳукумати томонидан амалга оширилган".

Нашр маълумотига кўра, ЕИдан чиқиш ҳақидаги Лиссабон келишувининг 50-моддаси кучга кирадиган март ойи охирига қадар Стержен етакчиси саналувчи Шотландия миллий партияси анжумани бўлиб ўтиши мумкин. Унда у Шотландия мустақиллиги бўйича янги референдум ўтказилиши ҳақида маълум қилиши эҳтимолга яқин.

Шунингдек Шотландия миллий партияси Brexit муҳокамасига фаол равишда қўшилиш ва 50га яқин тузатиш таклиф этиш ниятида. Шотландия 2016 йилнинг 23 июнь куни бўлиб ўтган референдумда бутун мамлакатдан фарқли равишда ЕИда қолишга овоз берган.

"Биз Шотландия халқи фикри инобатга олиниши учун барча нарсани амалга оширамиз", - деди партиянинг ҳуқуқий масалалар бўйича вакили Жоанна Черри. Унинг эслатишича, ҳукумат режаси янги вазирлар кенгаши тасдиғини олиши лозим. У ерга эса мамлакатнинг мухтор минтақалари - Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландия раҳбарлари киради.

Шотландия 2014 йилги референдумда Буюк Британия таркибида қолиш учун овоз берди (55 фоиз – ҳа/ 45 фоиз - йўқ). Стержен сўзларига кўра, Бирлашган Қироллик Brexit бўйича Британия референдумидан сўнг "шотландияликлар қолишга қарор қилган мамлакат эмаслигини кўрсатиб қўйди".

Мавзуга оид