Жаҳон | 17:30 / 06.02.2017
11683
3 дақиқада ўқилади

Россия ва Исроил ҳарбийлари Сурия осмонида ўзларини қандай тутишгани маълум бўлди

Фото: РИА "Новости"

Франциянинг Intelligence online бюллетени Россия ва Исроил ўртасидаги махфий келишув ҳақида ёзмоқда. Унга кўра, икки мамлакат ҳарбийлари Сурия осмонида «ўзларини тутиш қоидалари»ни тартибга солиб олишган. Бу икки мамлакат ўртасида зиддият келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилиши керак эди. Яширин обуна воситасида тарқатилаётган мақола таржимасини Россиянинг bmpd ҳарбий блоги эълон қилган. Бу блогни Стратегиялар ва технологиялар таҳлилий маркази мутахассислари юритишади. 

Бюллетеннинг қайд этишича, сўнгги ойларда Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари Сурия ҳудуди бўйлаб ҳаво зарбалари беришни кучайтиришган. Бундан кўзланган асосий мақсад, «Ҳизболлаҳ» ҳаракатини замонавий қурол-аслаҳалар билан таъминлашига йўл қўймаслик бўлган. Исроил расмий тузилмалари, табиийки, бу зарбаларни изоҳламайди. Ғарб коалицияси ҳарбий парвозлари хусусида доимий равишда фикр билдирувчи Москва ҳам Исроил самолётларининг зарбаларини эътиборсиз қолдирмоқда. 

Ахборотнома манбаларининг фикрича, Россия ва Исроил ўртасида амал қилувчи махфий келишув бор. 2016 йил март ойида шунга доир музокаралар бўлиб ўтган. Исроил томонидан музокараларда президент Реувен Ривлин, бош вазир Биньямин Нетаньяху ва Исроил ҲҲК Бош штаби раҳбари Амир Эшель қатнашган. Россия томонидан президент Владимир Путин ва мудофаа вазири Сергей Шойгу иштирок этган.

Мақолада қайд этилишича, исроилликларнинг мақсади — қурол-яроғлар, айниқса, бошқарилувчи ракеталар ва жойларни аниқлаш тизимларини Ливанга ҳамда Жўлон тепаликларидаги шиа қуролли бўлинмаларига етказиб берилишининг олдини олишдир. Москва, ўз навбатида, Дамашқ ва Сурия жангарилари ўртасидаги қуролли зиддиятда Исроилнинг жиддий бетарафлигига эга бўлди. 

Таъкидланишича, Россия ва Исроил 2015 йил кузидан олий даражадаги алоқаларни сақлаб келади. Россия ҳарбий кучларининг Сурияга сафарбар этилиши муносабати билан 2015 йил 21 сентябрида икки мамлакат бош штаблар раҳбарлари Валерий Герасимов ва Гади Айзенкотнинг музокараси бўлиб ўтди. 

Ушбу учрашув якунига кўра, икки мамлакат бош штаблари раҳбарларининг ўринбосарлари етакчилигида қўшма комиссия тузилди. Матбуотда эса, Сурия осмонида хавфсизликни таъминлаш мақсадида икки давлат ҲҲК офицерларининг қўшма машғулотлари ўтказилиши хусусида хабар қилинганди. 

Мавзуга оид