14:48 / 08.02.2017
15116

300 килограмм вазнли кишига шошилинч ёрдам кўрсатилди

Фото: Gulf News

Шаржалик ўт ўчирувчилар 300 килограмм вазнли кишини унинг уйидаги балкон эшигидан олиб чиқиб, кейин ёнғин йўлакчасидан олиб тушишларига тўғри келди. Бу ҳақида GulfNews хабар берди. 

300 килограммли эркак шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлган, аммо у вазни билан боғлиқ муаммолар туфайли ўзи яшаётган квартирадан чиқа олмаган.

Шундан сўнг унинг оила аъзолари Шаржа фуқаролик мудофаасига ёрдам сўраб мурожаат қилишган. 

Шаржа Фуқаролик мудофааси бош директори, полковник  Сами Хамис Ан-Нақбийнинг таъкидлашича, улар душанба куни эркакнинг оила аъзоларидан ёрдам сўралган мурожаатни қабул қилишган. Унга кўра, беморни уйдан олиб чиқиб, шифохонага етказиш керак бўлган. 

Вақт тиғиз эди, чунки оила аъзолари эркакнинг аҳволи тобора оғирлашиб бораётганини айтишган, шу боис у шифохонада кўрсатиладиган шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож эди.

Беморнинг ёши ва унинг соғлиғига оид аниқ муаммолар ошкор қилинмаган. 

Фуқаролик мудофаа жамоаси унга ёрдамга етиб келган. Маълум бўлишича, у кўп қаватли уйнинг 4-қаватида истиқомат қилган. 

Фото: Gulf News

Ўт ўчирувчилар беморни уйидан балкон орқали олиб чиқиш учун ёнғин йўлакчасидан фойдаланишган. 

Қутқарув амалиёти кечки соат 18:00 атрофида бошланган ва тахминан 90 дақиқада ниҳоясига етган. 

Уни муваффақиятли ерга олиб тушишганидан кейин у тез ёрдам машинасида Ал-Қосимий шифохонасига етказилган. 

Top