Жамият | 11:47 / 08.02.2017
18404
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: семиз йўлбарслар сурати ижтимоий тармоқларда оммалашмоқда

Интернет тармоғида семириб кетган йўлбарслар суратлари оммалашмоқда, деб ёзади Британиянинг Mirror нашри. Бу ҳайвонлар Хитойнинг Харбин вилояти Сибирь йўлбарслари паркида яшайди. 

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ҳазиломуз тахмин қилишларича, йўлбарслар Хитой янги йили муносабати билан ҳаддан ортиқ кўп тановул қилиб юборган кўринади. 

Айримлар жониворларнинг соғлиғи борасида ташвиш ва хавотирларини изҳор қилишган бўлса-да, бошқалар Амур йўлбарслари номи билан ҳам яхши таниш бўлган йиртқичлар Харбиндаги қаттиқ совуққа мослашиш учун шундай қилишларини айтишган. Қиш мавсумида бу минтақа ҳаво ҳарорати -20оС даражагача тушади. Нашр ўз навбатида семиз йўлбарслар учун ташвишланмасликни, ёзга келиб уларнинг ҳолати меъёрга келишини ёзади. 

Бироқ, ҳайвонларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилот – Born Free Foundation президенти Уилл Траверс (Will Travers)нинг баёнот беришича, йўлбарсларнинг бундай семириши меъёрий ҳисобланмайди. Уларга зудлик билан ёрдам кўрсатилиши лозим. Унинг фикрича, бундай ўзгаришлар нотўғри овқатлантириш, ёмон муносабат ва оғир турмуш шароитидан дарак беради. Траверснинг қўшимча қилишича, жиддий касалликка чалинган семиз йўлбарсларни мазах қилиш ўрнига уларга кўмак бериш даркор. 

Паркнинг айрим меҳмонларига кўра, йўлбарслар сайёҳларнинг боқиши сабабли семириб кетган. 

2015 йил август ойида ёзувчи ва саёҳатчи Жаред Салем (Jarryd Salem) ушбу ҳайвонот боғида ҳайвонлар товуқ, эчки ва мол гўшти билан боқилиши ҳақида мақола ёзган эди. Бу эса, уларнинг семиришига олиб келади.

Сибирь йўлбарслари парки – 1 млн квадрат метр майдонда жойлашган энг йирик табиий парк ҳисобланади. Унда жами 800га яқин Амур йўлбарси сақланади.

 

Мавзуга оид