БААнинг Афғонистондаги элчиси терактда олган жароҳатлари туфайли вафот этди
Бирлашган Араб Амирликларининг Афғонистондаги элчиси Жума ал-Каабий январь ойида Қандаҳор шаҳрида юз берган терактда олган жароҳатлари туфайли вафот этди. Бу ҳақда Khaama Press хабар бермоқда.
«Биз чуқур қайғу билан миллат ва шахсий бурчи учун ҳалок бўлган Жума Муҳаммад Абдулла ал-Каабий ҳаётдан кўз юмганини хабар қиламиз. У ўз қалбининг бир қисмини бутун инсоният учун берди», - дея БАА ташқи сиёсат идораси баёнотининг сўзларини келтирган агентлик.
Ал-Каабийни бир ой давомида сақлаб қолишга ҳаракат қилишди, бироқ шифокорлар бунинг уддасидан чиқа олмади. 11 январь кунги ҳужумда умумий ҳисобда етти нафар инсон ҳалок бўлди, 18 киши жароҳатланди. Ҳалок бўлганлар орасида беш нафар БАА фуқароси бор эди. Абу Зоби маълумотига кўра, улар таълим фаолияти ва ривожланиш лойиҳалари билан шуғулланувчи гуманитар миссия ходимлари бўлган.
Афғонистонда фуқаролик уруши кетмоқда. Америка ва унинг иттифоқдошлари томонидан 2001 йилда тор-мор келтирилган «Толибон» ҳаракати яна куч тўплаб, бутун мамлакат бўйлаб кенг қамровли ҳужумга ўтди. Толиблар сўнгги ойларда мамлакат жанубида фаоллашишди, шунингдек, Кобул шаҳрида ҳам кўплаб терактларни амалга ошира бошладилар.