19:46 / 18.02.2017
10520

Мюнхенда “норманд тўртлиги” музокаралари бошланди: Украинанинг позицияси қандай?

Фото: AFP

Германиянинг Мюнхен шаҳрида Украина, Германия, Франция ва Россия ташқи ишлар вазирлари Донбассдаги вазият бўйича музокараларни бошлашди. Музокаралар хавфсизлик бўйича Мюнхен анжумани доирасида ўтказилмоқда.

Аввалроқ Украина ташқи ишлар вазири Павел Климкин ушбу учрашувдан жиддий ниманидир кутмаётганини маълум қилганди.

"Учрашувдан жиддий ниманидир кутаётганим йўқ. Бизда хавфсизлик соҳаси бўйича таклиф бор, биз гуманитар ўлчовга аста-секин босим ўтказамиз, “йўл харитаси” масаласини кўтараман", - деди у Мюнхенга етиб келганидан сўнг.

Унинг сўзларига кўра, Украина музокараларда иккита муҳим масала – хавфсизлик ва гуманитар соҳани кўтармоқчи. Хусусан, гап ЕХҲТ миссиясига Донбасснинг барча ҳудудига кириш имконини бериш, шунингдек унинг чегарага чиқиши ҳақида боради.

"Бу иккита устувор масала. Германия ТИВ раҳбари учун эса бу биринчи учрашув нафақат мазмунга назар солиш имконини беради", - деди Климкин.

Маълумки, ТИВ раҳбарларининг “норманд шаклидаги” сўнгги учрашуви 2016 йилнинг ноябрида Минск шаҳрида бўлиб ўтганди.

Top