Иқтисодиёт | 15:20 / 20.02.2017
5088
2 дақиқада ўқилади

Хитой Мўғулистон ва РФ билан иқтисодий йўлак барпо этишни тезлаштиради

Хитой ТИВ раҳбари Ван И Россия-Хитой-Мўғулистон иқтисодий йўлагини барпо этиш жараёнини тезлаштириш фикрини билдирди. Бу ҳақда у мўғулистонлик ҳамкасби Цэндийн Мунх-Оргил билан музокара ўтказгач баёнот берди. 

"Россия, Мўғулистон ва Хитой ўртасида транспорт йўлагини барпо этишни илгари суриш иқтисодий тараққиётга пойдевор яратади ва Мўғулистоннинг халқаро ишларга аралашувига туртки беради", - деган Ван И. Цэндийн Мунх-Оргил ҳам журналистлар олдидаги чиқишида бу соҳадаги «ҳамкорликнинг кенгайиши» муҳимлигини таъкидлаган. 

Хитой ташқи ишлар вазирининг эътироф этишича, Мўғулистон янги ҳукуматининг «ягона Хитой» қоидасини қўллаб-қувватлаши қувонарли ва ҳурматга сазовор позициядир. 

Хитой ҳукуматининг «ягона Хитой» тамойили Тайвань масаласида ҳал қилувчи ўрин тутади. Қонли фуқаролар урушида мағлуб бўлган генералиссимус Чан Кайши (1887-1975) тарафдорлари 1949 йили Тайванга қочишган. Шундан бери Хитойнинг энг йирик ороли мустақил ички бошқарувга эга бўлиб, аввалги Хитой ва бошқа давлат тимсолларини сақлаб қолган. 

Пекин маъмурияти оролни ХХР вилоятларидан бири деб билади. Расмий Тошкентнинг бу борадаги қараши ҳам «ягона Хитой» тамойилига мос келади. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид