Жаҳон | 18:29 / 27.02.2017
12721
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистон президенти: «Мамлакатда эндиликда дахлсизлар йўқ»

«Мамлакатда эндиликда дахлсизлар йўқ. Бу ҳокимиятдаги барча, шу жумладан собиқ ҳамда амалдаги раҳбарларга тегишли», - дея маълум қилди Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев бугун, 27 февраль куни Апрель инқилоби иштирокчилари жамоат бирлашмалари вакиллари билан учрашувда. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидланишича, фаоллар алоҳида сиёсатчиларнинг амалга оширган жиноятлари учун жавобгарликдан қочиш бўйича ҳаракатларидан норози бўлишган. «Улар ҳалок бўлган қаҳрамонлар исм-шарифларини фойдаланишга ҳеч қандай ҳуқуқлари йўқ. Бунга лойиқ эмаслар», - дея таъкидлаб ўтишган улар.

Қирғизистон етакчисининг бунга жавобан таъкидлашича, жамоат бирлашмалари ҳис-туйғуларини тушунади, бироқ уларни қонун устуворлигини инобатга олишга чақирди. «Ишончим комилки, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳаммасига ойдинлик киритишади ва қонунни бузган барчани жавобгарликка  тортишади. Ҳеч қандай ҳокимиятга босим ўтказишнинг куч услублари уларга ёрдам бермайди», - дея хулоса қилган Атамбоев.

2010 йилнинг 7 апрель куни Қирғизистонда «Апрель инқилоби» — қуролли давлат тўнтариши юз берди, унинг натижасида президент Қурмонбек Бакиев ҳокимиятдан ағдарилди ҳамда Белоруссияга йўл олди.

Охир-оқибат мамлакатда Вақтинчалик ҳукумат шакллантирилиб, унинг таркибидан Алмазбек Атамбоев, Роза Отунбоева, Омурбек Текебаев, шунингдек Бакиев режимига мухолифатда бўлган бир қатор сиёсатчилар ўрин олди. Кейинчалик Атамбоев Қирғизистон президенти этиб сайланди, Текебоев эса янги қирғиз ҳукуматининг асосий танқидчиларидан бирига айланди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, аввалроқ Қирғизистон Бош прокуратураси «Ата Мекен» партияси етакчиси, депутат Омурбек Текебаевга нисбатан жиноят иши қўзғатди. Мухолифатчи коррупция ва фирибгарликда гумон қилинмоқда. 2017 йилнинг 26 февраль куни у мамлакат махсус хизматлари томонидан қўлга олинди.

Аввалроқ Қирғизистон собиқ президенти Роза Отунбоева Омурбек Текебаевнинг қўлга олинишини сиёсий қувғин деб атагани ҳамда уни дарҳол озод этишга чақиргани ҳақида хабар бергандик.

Мавзуга оид