Жамият | 09:29 / 28.02.2017
4341
2 дақиқада ўқилади

SpaceX 2018 йилда Ой атрофида сайёҳлик парвозини амалга оширмоқчи

Американинг SpaceX фазовий компанияси раҳбарияти 2018 йилда Ой атрофида сайёҳлик парвозини амалга оширмоқчи. Бу ҳақда компания сайтида хабар берилди. 

Таъкидланишича, парвозда икки нафар сайёҳ қатнашади.

«Биз икки нафар хусусий шахс SpaceX билан келаси йилнинг охирида Ой атрофида парвоз қилиш бўйича музокаралар олиб борганини мамнуният билан хабар қиламиз. Улар Ойга учиш мақсадида маблағнинг йирик миқдордаги қисмини тўлаб беришди», - дейилади компания хабарида.

SpaceX’дан аниқлик киритишларича, парвоз доирасида Ой юзасига қўниш режалаштирилмаган. Шунингдек компаниядан қўшимча қилишларича, парвоз Dragon 2 (Crew Dragon) кемасида Falcon Heavy ракета-ташувчиси ёрдамида амалга оширилади.

Айни дамда компанияга Ой атрофида парвозни ташкил этиш ҳақида мурожаат қилган туристлар номи ошкор этилмаяпти. Компания баёнотига кўра, бундай парвозга қизиқиш билдирилган бошқа мижозлар ҳам бор.

Аввалроқ SpaceX Марс сайёрасига режалаштирилган парвозни 2020 йилга қадар қолдиргани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид