Фотолавҳа: Женева автосалонига келтирилган автомобиллардан намуналар
Бугун 2017 йил 7 март куни жаҳон автомобиль саноати ва автоишқибозларнинг эътиборини тортадиган йирик автокўргазмалардан бирига старт берилди. Швейцариянинг Женева шаҳрида моторшоу бошланди. "Колёса.ру" сайти ушбу кўргазмада намойиш этиладиган автомобиллар рўйхатини тузиб чиқди. Уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Opel
Бир неча кун аввал GM концернидан PSA компаниясига сотилган Opel Женевада Insignia номли универсал ва лифтбекини намойиш этади. Бу унинг асосий тақдимоти бўлади.
Mercedes-Benz
Германиянинг дунёга машҳур компанияларидан бири - Mercedes компанияси бурчаги одатдагидек одамларга лиқ тўла бўлиши табиий. Бу ерда биринчи марта Mercedes-Maybach G 650 Landaulet SUV модели намойиш эталади.
Бундан ташқари, Mercedes-AMG E-Class негизидаги универсалларини тайёрлаб қўйган. Бундан ташқари, миш-мишларга кўра, Mercedes-AMG X290 номи билан таниқли янги седанини ҳам мижоза эътиборига ҳавола этиши мумкин. Женевага, шунингдек, Mercedes-Benz компаниясининг янгиланган GLA кроссовери олиб келинган. SL ва SLC родстерларининг жаҳон тақдимотлари ҳам айнан шу ерда бўлиб ўтади.
BMW
Германиянинг яна бир донғи кетган компанияси BMW Женева автосалонига янги авлод BMW 5 Series Touring моделини келтиради. Ушбу компания бурчагида BMW i8 гибрид спорткупесидан баҳра олиш имкони ҳам тақдим этилади.
Rolls-Royce
Rolls-Royce ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда автомобиль ишқибозларини лол қолдиришда давом этади. Хусусий коллекционер компанияга ўз бурчагида Ghost Elegance моделини намойиш этишга рухсат берди. Гап шундаки, бу машинанинг биргина бўёғи жуда катта пул туради. Чунки, бўёқ таркибига минглаб майдаланган олмос доналари қўшилган.
Bentley
Британиянинг яна бир компанияси Bentley ҳам Женевада ўзининг эксклюзив моделлари билан мухлисларини хурсанд қилади. Бу Mulliner дизайн ательеси ишлов берган Bentley Bentayga бўлади. Ундан атиги 50 дона олтин ва кумуш тусда ишлаб чиқарилади.
Porsche
Ўтган йилги Женевада йирик Panamera седани универсалга айлантирилган эди. Бу йил ниҳоят Porsche кроссовер ишлаб чиқаришга аҳд қилганининг гувоҳи бўламиз.
Volkswagen
Volkswagen Женевада Passat CC ўрнини эгалловчи янги модели — купесифат Arteon седанини тақдим этди. У шу йил охирида дилерларда пайдо бўлиши мумкин.
Audi
Германиянинг люкс машиналари ишлаб чиқарувчи компанияларидан бири Audi RS 3 Sportback спорткарини Женевага келтирди. Бундан ташқари, компания Audi Q8 RS кроссоверини ҳам намойиш этади.
Land Rover
Ҳа, британияликлар Женевага қуруққўл билан келишмаган. Машҳур Land Rover янги кроссовери RR Velar моделининг жаҳон тақдимотини ўтказади. Модель Evoque ва Range Rover Sport оралиғида жойлашади.
Lexus
Япония компанияси январь ойида Детройтда бешинчи авлод Lexus LS 500 моделини намойиш этганди. Женевага эса, LS 500h гибриди олиб келинган.
Pagani
Горацио Пагани сўнгги лаҳзаларгача Huyara родстерининг тизерларини намойиш этиб келди. Бироқ, Женевагача ўзининг ҳам сабри етмади ва суратларини намойиш қилиб қўя қолди.
Ferrari
Италияликлар янги 812 Superfast модели билан суперкар ишқибозларини яна лол қолдиришни истаган. Унга 800 от кучига эга V12 мотори ўрнатилган.
McLaren
McLaren компанияси «суперсерия» деб номланган автомобилларининг иккинчи авлодини намойиш этишни режалаштирган. Унинг илк намунаси - McLaren 750S купеси Женевада намойиш этилади.
Мавзуга оид
22:19 / 18.10.2024
BMW автомобиллари янги кўринишда ишлаб чиқарилади
16:57 / 03.10.2024
АҚШда AirPods қулоқчинлари ўғирланган Ferrari’ни топишга ёрдам берди
20:36 / 03.09.2024
BMW компанияси 140 мингдан ортиқ электрокарини чақириб олади
23:08 / 22.08.2024