Жаҳон | 11:37 / 10.03.2017
15897
2 дақиқада ўқилади

Россия ҳукумати «Синий кит» каби ўйинлар муаллифларига қарши қонун лойиҳасини маъқуллади

РФ ҳукумати Давлат думаси спикер ўринбосари Ирина Ярованинг қонунчилик ташаббусини қўллаб-қувватлади. Ярова вояга етмаганларни ўз жонига хавф солувчи ҳаракатларни содир этишга ундаганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш, уларни ўз жонига суиқасд қилишгача олиб борганлик учун жазо чораларини янада кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини таклиф қилмоқда. Ушбу ҳужжат маъқулланганига доир ахборот Россия ҳукуматининг сайтида эълон қилинди. 

Қонун лойиҳасига кўра, Россия Жиноят-процессуал кодексининг моддаларига тузатишлар киритиш кўзда тутилган. Унга биноан, қайси жиноятларни Россия Тергов қўмитаси олиб боришига аниқлик киритилади. 

Ҳозирда, Россиядаги "Ахборотлар, ахборот технологиялари ҳақида ва ахборотларни ҳимоя қилиш тўғрисида"ги федерал қонунга биноан мамлакат ҳудудида ўз жонига суиқасд қилиш ва ўзини қандай қилиб ўлдириш мумкинлигига доир маълумотларни тарқатиш тақиқланади. 

Сўнгги вақтларда, ижтимоий тармоқларда «ўлим гуруҳлари» деб аталаётганлар томонидан тарқатилаётган виртуал ўйинлар оммалашмоқда. Бу каби ўйинлар болалар, айниқса вояга етмаганларга руҳий таъсир ўтказиб, уларни ўз жонига қасд қилишга олиб боради. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид