Жамият | 20:59 / 11.03.2017
14365
3 дақиқада ўқилади

Япония техноген фожиаларга қарши: «Фукусима-1» АЭСи авариясининг оқибатлари

Олтинчи йилдирки, Япония фуқаролари ва олимлари Фукусимадаги АЭСда рўй берган ядровий фалокат оқибатларига қарши курашиб келмоқда. 

2011 йил 11 марти Япония тарихида Хиросима ва Нагасаки фожиалари қаторидан жой олди. Ўша куни «Фукусима» АЭСида техноген бахтсиз ҳодиса рўй берган эди. Бунинг оқибатида 180 минг киши уй-жойларидан айрилди, 220 млрд доллар иқтисодий талофат кўрилди ва экологияга жиддий зарар етди. Япония учун бу халқ иродаси ва технологик қудратига оғир синов бўлди. 

6 йил муқаддам, маҳаллий вақт билан соат 14:46да Япония шимолида мамлакат тарихидаги энг кучли зилзила рўй берди. 9 баллик ер силкинишини зилзила марказидан 370 км узоқликда жойлашган Токиода ҳам жуда яхши сезишди. 

Пойтахт аҳолиси оёқда зўрға туришгани ва биноларнинг деворларида чуқур ёриқлар пайдо бўлганига гувоҳ бўлишганини сўзлаб беришди. Ҳукуматнинг зудлик билан кўрган чоралари ва телевизор орқали огоҳлантиришлар ҳамда японларнинг бу каби ҳодисаларга пухта тайёргарлик кўрганликлари туфайли йирик қурбонлар беришнинг олди олинди. 

Бироқ, зилзила Япониядаги йирик фожианинг дебочаси эди. Кейинроқ, аниқланишича, сейсмик фаоллик Япониянинг шимолий ҳудудларини Шимолий Америка томон 2,4 метрга сурган. Бундай кескин географик ўзгариш мамлакатга ёпирилган даҳшатли цунамини келтириб чиқарган бўлиши мумкин. Япониянинг айрим соҳилбўйи ҳудудларида океан сувлари баландлиги 40 метргача етди. 

Цунамининг асосий зарбаси мамлакатнинг шарқий соҳилларидаги 4та префектурага тўғри келди. Улар орасида Фукусима ҳам бор эди. Бу ерда тўлқинлар тўғонни бузиб, шаҳарни сув остида қолдирди. Турли шаҳарларда 160 минг уй вайрон бўлди, 16 мингга яқин инсон ҳаётдан кўз юмди, 2500дан ортиқ инсон ҳанузгача бедарак йўқолган ҳисобланмоқда. Айнан цунами, “иккинчи Чернобил” деб аталган “Фукусима-1” АЭСидаги техноген ҳодисага сабаб бўлди. 

Бунинг оқибатида 2011 йил 12 март куни АЭСнинг биринчи реакторида портлаш рўй берган бўлса, 14 мартда иккинчиси, 15 мартда учинчи реактор портлади. 

Шундан сўнг, станция атрофидаги радиация даражаси инсон соғлиғи учун ўта зарарли миқдордан бир неча баробарга ошиб кетди ва соатига 750 микрорентгенни, АЭС ичида соатига 1050 бирликни ташкил этди. 

2012 йил февралига келиб, Япония ҳукумати ва станция оператори TEPCO компанияси миллиардлаб доллар зарарни ҳисоблаётган бир вақтда, ҳудуд ҳақиқий маънода ташландиқ ва кимсасиз жойга айланиб улгурган эди. Префектуралардаги бинолар вайрон бўлган, ҳайвонлар ҳам радиоактив ҳудудни тарк этган эди. Аммо, Япония ҳамон ушбу фалокат оқибатларига қарши курашни давом эттирмоқда. 

Мавзуга оид