Жаҳон | 07:45 / 14.03.2017
5374
2 дақиқада ўқилади

WikiLeaks Меркель ортидан кузатув олиб борилгани ҳақидаги маълумотларни чоп этиши мумкин

WikiLeaks яқин соатларда АҚШ махсус хизматларининг Германия канцлери Ангела Меркель ортидан кузатув олиб боргани ҳақидаги ҳужжатларни чоп этиши мумкинлигини билдириб қўйди.

Ўтган ҳафтада WikiLeaks Марказий разведка бошқармасининг киберразведка маркази ички тармоғида сақланган 8,7 мингта ҳужжатни чоп этганди. Сайт бу ҳужжатлар МРБ тарихида маълумотларнинг энг йирик сизиб чиқишининг биринчи қисми эканлигини айтган.

"АҚШдаги миллий хавфсизлик доираларида WikiLeaks МРБ ва Миллий хавфсизлик агентлиги томонидан Меркелнинг тингланиши ҳақидаги кўплаб ҳужжатларнинг душанба кечки вақт (13 март ) ёки эртага (14 март) чоп этилиши мумкинлиги ваҳима билан муҳокама қилинмоқда", деб маълум қилган WikiLeaks твиттерда.    

Сайт махфий ҳужжатларга иқтибос келтирган ҳолда АҚШнинг Франкфурт-Майндаги консуллиги МРБнинг Европа, Яқин Шарқ ва Африкадаги "хакерлик" маркази вазифасини бажаришини маълум қилди.

Сайт ходимларининг фикрича, МРБ хакерларига дипломатик паспортлар берилган ва улар АҚШ Давлат департаменти томонидан паналанган. Уларга АҚШ консуллигига нима учун келганлари ҳақидаги саволга техник маслаҳат бериш билан шуғулланишларини айтиш тавсия қилинган.

Мавзуга оид