Жаҳон | 09:59 / 15.03.2017
4355
2 дақиқада ўқилади

Могерини Европа Иттифоқининг Сурия бўйича лойиҳасини тақдим қилди

Фото: Reuters

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини Страсбургда Европа Иттифоқининг Суриядаги ихтилофни тартибга солиш бўйича узоқ муддатли стратегияси лойиҳасини тақдим қилди. Ҳужжат Европа комиссиясининг аъзолари томонидан 14 март кунидаги йиғилишда қабул қилинди.

Могеринининг таъкидлашича, Европа комиссияси томондан қабул қилинган қўшма баёнот Европа Иттифоқининг жорий мажбуриятларини мустаҳкамлайди ва Суриядаги ихтилофнинг сиёсий ечимини "Сурияга тинчликни қайтаришнинг ягона йўли сифатида" қўллаб-қувватлашини тасдиқлайди. Бундан ташқари, ушбу стратегия Европа Иттифоқи Сурияда осойишта ҳаётни тиклашни бошлаш учун қабул қилиши мумкин бўлган қадамларни ўз ичига олади, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.  

Ушбу лойиҳада Суриядаги сиёсий мухолифат қўллаб-қувватланиши айтилган. Бундан ташқари, Европа комиссиясининг ушбу ҳужжати Европа Иттифоқи Сурия аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттиришини, келажакда эса қочқинларни яшаш учун хавфсиз шароитлар яратиладиган юртларига қайтаришини кўзда тутади.  

Мавзуга оид