Жамият | 14:03 / 15.03.2017
4120
2 дақиқада ўқилади

Покистонда сўнгги 19 йилда биринчи марта аҳолини қайта рўйхатдан ўтказишга старт берилди

15 март, чорашанба куни Покистонда сўнгги 19 йилда биринчи марта аҳолини рўйхатдан ўтказишга старт берилди. Бу ҳақида Dunya News хабар берди. 

Аҳолини қайта рўйхатдан ўтказиш ишлари 9 йил олдин ўтказилиши керак эди, бироқ шу кунгача орқага суриб келинган. Рўйхатга олиш ишларининг энг сўнггиси 1998 йилда ўтказилган бўлиб, у пайтлар мамлакатда расман 132 миллион киши истиқомат қилар эди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2015 йилда мамлакатда 189 миллион киши қайд қилинган. Жорий рўйхатдан ўтказиш ишлари мамлакат тарихида олтинчиси ҳисобланади.

Рўйхатга олиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади, бутун жараённинг ўзига эса икки ойдан кўпроқ вақт кетади. Бугун маҳаллий вақт билан соат 8:00да  биринчи босқичга старт берилди. У бир ой (15 апрелга қадар) давом этиб, 63 округни ўзи ичига олади. 

Рўйхатга олиш комиссияси раҳбари Асиф Бажва хабар берганидек, аҳолини рўйхатга олиш ишлари мамлакатнинг барча қисмларида, ҳатто хавфсизлик нуқтаи назаридан муаммоли минтақаларда ҳам ўтказилади.

Манбада таъкидланишича, мамлакатнинг беқарор минтақаларида рўйхатга олиш ишлари ҳарбийлар томонидан амалга оширилади. Мазкур жараёнда жами 175 минг ҳарбий ва 120 мингга яқин фуқаро иштирок этади. Бу ишга давлат бюджетидан 7,4 миллиард рупий ажратилган, умумий ҳисобда эса унга 14 миллиард рупий (133,2 миллион доллар) сарфланади.

Мавзуга оид