Ўзбекистон | 22:44 / 15.03.2017
11977
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти ҳокими Россия вилоятларидан бирининг губернатори билан музокаралар ўтказди

Тошкент вилояти ҳокими Шукурулло Бобоев 15 март куни Россиянинг Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко билан учрашди.

Томонлар учрашув давомида савдо-иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорликни муҳокама қилишди. Улар, шунингдек, вилоятлар ўртасида қардошлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида битим тузишга қизиқиш билдиришди. 

Дрозденко Россия томонидан Ленинград вилояти ва Тошкент вилояти тадбиркорлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, савдо тармоқлари орқали мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш, сайёҳлик соҳасида ўзаро муносабатларни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистондан малакали ишчиларни жалб қилишга қизиқиш борлигини таъкидлаб ўтди. 

Дрозденко Тошкент вилояти билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари қаторида агросаноат мажмуаси, сайёҳлик, корхоналар, таълим ва маданият муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ва спорт соҳасида алмашишларни айтди. 

Шукурилло Бобоев Россия томонини мева-сабзавот маҳсулотларини зарур миқдорда етказиб бериш, Россия компанияларига "Ангрен" эркин иқтисодий ҳудудида бизнесни ташкиллаштиришда ҳар томонлама кўмак кўрсатилиши, вилоятлар ўртасида маданий-тарихий ва сайёҳлик алоқаларини янада ривожлантиришга ишонтирди.   

Учрашувда 2016 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Ленинград вилояти ўртасида савдо айланмаси 20,9 млн долларни ташкил қилгани айтиб ўтилди.

Мавзуга оид