Жаҳон | 09:21 / 20.03.2017
5903
2 дақиқада ўқилади

АҚШ полициясининг собиқ раҳбари Нью Йорк аэропортида бир ярим соат ушлаб турилди

Американинг Гринвилл шаҳри (Шимолий Каролина штати) полиция бошқармасининг собиқ раҳбари бир ярим соатга ҳужжатларини текшириш мақсадида Нью Йорк халқаро аэропортига ушлаб қолинган. NBC телеканалининг хабар қилишича, 52 ёшли Ҳасан Аден Париждан уйига қайтаётган бўлган. У, шунингдек, текширув жараёнида шахсий мобил телефонидан фойдаланиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган. 

"Мен маълумотлар базаси қандай ишлашини биламан. Қўлида паспорти бор фуқарони текшириш учун роппа-роса бир ярим соат вақт кетмайди", - деган собиқ полициячи. У 27 йилга яқин ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлаган ва ҳозирда Александрия (Виржиния штати)да истиқомат қилади. Аденнинг фикрича, 13 март куни уни "умуман асоссиз равишда ушлашган ва қонунга зид равишда муносабатда бўлишган". "Мен ўз ҳаракатларимда умуман эркин бўлмадим", - деб қўшимча қилган Ҳасан Аден. 

Аденнинг айтишича, у Италияда туғилган, 42 йил муқаддам АҚШ фуқаролигини қабул қилган. У Франция, Буюк Британия ва Италиядаги қариндошларидан тез-тез хабар олиб туради. Аден Парижга 80 ёшли онасининг таваллуд кунига борган. Америкаликнинг айтишича, ушбу нохуш ҳодиса уни бошқа мамлакатлардаги яқинлари ва қариндошлариникига меҳмонга боришдан қайтара олмайди. "Мамлакатимда миллий хавфсизлик баҳонаси билан айрим ҳуқуқлар поймол этилмоқда", - дея қайд этган собиқ полиция раҳбари. 

Мавзуга оид